Android смартфонни тезлаштиришнинг 10 та усули билан танишамиз

Android смартфонни тезлаштиришнинг 10 та усули билан танишамиз

Процессор, оператив ва ички хотира бир-бири билан ўзаро уйғунликда ишлагани боис ҳозирги Android смартфонларда амалларни жуда тез бажариш мумкин. Ҳолбуки, вақт ўтиши билан қурилмада кеш, фойдаланилмаган файллар ва жилдлар кўринишидаги кераксиз ахборот кўпайиб, смартфон ишлаши анча секинлашади. Бунга ечим сифатида кўпчилик бир босиш билан муаммони ҳал қилувчи анти-вирус дастурларга мурожаат қилади. Бироқ Android смартфонингизнинг яна тез ишлашини таъминлашнинг бундан бошқа усуллари ҳам бор. Қуйида уларнинг 10 таси билан танишиб чиқамиз.

ЎҚИНГ: Компьютер қотиб қолганда қайси тугмаларни босиш керак?

1. Кеш маълумотларини тозаланг.

Бу кераксиз маълумотни ўчириб, смартфонни тезлатишнинг энг кенг тарқалган усули бўлса керак. Баъзи смартфонларда кешни тозаловчи стандарт илова бўлади. Сизда бундай дастур бўлмаса, Параметрлар/Созаламалардан иловалар кешини алоҳида-алоҳида тозалаб чиқинг.

2. Уй экранини тозаланг.

Уй экранини тозалаш қурилманинг секин ишлашига олиб келаётган омилларни бартараф этади. Ҳаракатланувчи обой; доимий янгиланиб турувчи об-ҳаво, янгиликлар виджетлари смартфонингизни қулфдан чиқаришингиз билан янгиланишга киришади. Натижада, бажарилаётган амалларда кечикишлар кузатилади. Шунингдек, уй экранида бирдан ортиқ ойна ҳам очманг.

3. «Трафикни тежаш» режимини ёқинг.

Chrome ёки бошқа браузерда «Трафикни тежаш» режимини ёқишингиз билан саҳифа компрессланиши ва очилиши тез амалга ошади. Мазкур режимни фаоллаштиришингиз билан расм ва видео сифати ҳам бироз пасайишини эътибордан четда қолдирманг.

4. Автоматик синхронлашни ўчириб қўйинг.

Ҳозирги кунда аксарият смартфонларда мазкур созлама мавжуд. Параметрлар/Созламалар иловасига ўтиб, айнан қайси иловалар фонда автоматик синхронлашиши муҳимлиги ҳақида ўйланг. Қайси иловалар синхронлашиши унчалик муҳим бўлмаса, уларнинг автоматик синхронлашишини ўчириб қўйинг.

5. Иловаларни бошқарувчи иловалар смартфонни секинлаштиради.

Ҳа, иловаларни бошқарувчи, улардаги кешни тозаловчи ва шунга ўхшаш вазифаларни бажарувчи иловалар аслида смартфоннинг секин ишлашига олиб келади. Android тизимининг ўзи фойдаланилмаётган иловаларни самарали бошқара олади. Юқоридаги каби иловалар эса дастурни бутунлай ўчириб қўяди. Натижада, иловани қайта ишга тушириш учун кўпроқ вақт ва аккумулятордан кўпроқ қувват талаб қилинади.

ЎҚИНГ: Жазирамада смартфонингизни асраш учун бешта маслаҳат

6. Созламаларни ўзгартириб, процессорни максимал тезлаштиринг.

Агар Android смартфонинни root қилишни билсангиз ва процессор модификациясини ўзгартириб, унинг ишлаш тезлигини ошириб берувчи (бу амалиёт «оверклокинг» деб аталади) иловангиз бўлса, тезкор интерфейс амалиётини ўзингизга тақдим қилишингиз мумкин. Ваҳоланки, бунда смартфон қизиб кетиши ва қувват сарфи ошишини ҳам ёддан чиқарманг.

7. Фондаги иловаларни ўчириб қўйинг.

Фонда ишлаётган иловаларни ўчириш ҳам смартфонни тезлаштиради. Яқин муддат ичида фойдаланмайдиган иловангизни ўчириб қўйиш оператив хотирада жой бўшатади, процессор эса тезроқ ишлайди. Натижада, қолган фаол иловаларнинг ишлаш унумдорлиги ошади.

8. Махсус прошивка ўрнатинг.

Агар профессионал бўлсангиз ва смартфонни root қилиш борасида етарлича тажрибага эга бўлсангиз, қурилмангизга махсус прошивка ўрнатишингиз ҳам мумкин. Бу билан нафақат энг сўнгги функцияларга эга бўласиз, балки смартфонингизга расман Android янгиланиши келиши тўхтаса ҳам, энг сўнгги операцион тизимни қўлда ўрната оласиз.

9. Операцион тизимингизни янгилаб туринг.

Агар смартфонингиз ҳали ҳам расман дастур янгиланишини қабул қилса, ҳар доим апдейтларни ўрнатиб боринг. Бу олдинги версиядаги багларни тузатиб, қурилма кечикишларсиз ишлаши учун оптимизацияларни тақдим этади.

10. Агар ҳеч қайси усул иш бермаса, завод созламаларини қайта ўрнатинг.

Бу энг сўнгги чора. Агар root қилишни билмасангиз, Android'ингиз версияси янгиланишдан тўхтаган бўлса, Параметрлар/Созламалар иловасидан Завод созламаларига қайтиш бўлимини топинг. Лекин бундан олдин барча маълумотларингизни булутга ёки бошқа қурилмага нусхалаб қўйиш ёдингиздан чиқмасин.

ЎҚИНГ: Смартфоннинг ишлаш муддатини қандай узайтириш мумкин?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.