Android-смартфонни вируслардан ҳимоялаймиз

  •   DiMaX
  •  1303
  •  14.12.2017 12:33

Android-смартфонни вируслардан ҳимоялаймиз

Мобил операцион тизимлар муҳитида ишловчи турли зиёнкор дастурлар бугунги кунда жуда кўп ишлаб чиқилмоқда, айримлари ҳатто Google Play’га ҳам етиб келган. Шу боис ҳам планшет ёки смартфонга илова ўрнатаётиб, эҳтиёткор бўлишимизга тўғри келади.

ЎҚИНГ: Android учун энг зўр 8 та антивирус

Тўғри, антивируслар орқали қурилмаларимизни зарарли дастурлардан ҳимоялашимиз мумкин, аммо уларнинг яхши самара берадиганлари одатда пулли бўлади. AndroidInsider нашри эса антивирус ўрнатмасдан туриб ҳам смартфонни вирусдан муҳофаза этишнинг айрим йўлларини эълон қилган.

Фақат Google Play орқали!

Ёдда тутиш бўлган энг муҳим жиҳат – ҲЕЧ ҚАЧОН қидирув тизимлари ёрдамида топилган ҳаволалар орқали мобил қурилмангизга илова кўчириб олманг. Google ёки «Яндекс» алгоритмлари баъзи ҳолларда сохта дастурларни қидирув натижаларининг юқори ўринларига чиқариб қўйиши ҳоллари учраб туради. Бу эса, ўз навбатида, хунук оқибатларга олиб келади – ўша ердан олиб ўрнатилган иловалар бирор зарарли кодга эга бўлиб чиқади.

Троян ва бошқа турдаги вирусларнинг Google Play’га кириб олиши эҳтимол эса барибир анча паст. Шу боис ҳам смартфон ёки планшетингизга иловаларнинг расмий дўкони – Google Play’дангина дастур ўрнатиш қоидасига амал қилинг.

Рухсатларни кузатиб боринг

Android Marshmallow талқинидан бошлаб жорий этилган рухсатлар тизими иловалар смартфоннинг у ёки бу функциясига тегишини чеглашга қаратилган. Аммо амалда буни ҳамма ҳам билавермайди, шу боис янги ўрнатилган дастур сўраган барча нарсага рухсат бериб юбораверишади. Янги ўрнатилган дастурлар эса қурилмангиздан турли маълумотларни олиши мумкин – шахсий ёзишмаларингиздан тортиб жойлашув ўрнингизгача.

Шу боис, иловалар ўрнатаётиб ёки улардан фойдаланаётиб, унинг нималарга рухсати борлигига эътиборли бўлинг.

Ота-она назоратини созланг

Кўпинча смартфон ёки планшетдан болалар фойдаланган ҳолларда уларга вирус ва троянлар тушиши аниқланган. Зиёнкор дастурлар тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида, қурилмангизда ота-она назорати режимини созлаб қўйинг ва уни болага бераётиб, шу режимга ўтказинг.

Бунинг учун Google Play’га кириб, унинг созламалари – «Настройки»ни очасиз ва «Ота-она назорати» («Родительский контроль») бўлимига ўтасиз. Шу тариқа, болакай билиб-билмай бирор зарарли иловани юклаб олишининг ҳамда бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини оласиз.

Захира нусхасини сақланг

Смартфондаги маълумотларнинг захира нусхасини «булутли» сервисда сақлаб қўйиш Apple маҳсулотлари соҳиблари орасида кенг тарқалган, аммо Android-қурилмалар эгалари кўпинча бунга эътибор беришмайди. Аксарият ҳолларда буни ортиқча иш, деб ҳисоблашади ёки вақт ва трафик сарфлашга арзимайди, деб ўйлашади. Бироқ қандайдир йўл билан қурилмангизга зарарли дастурий таъминот тушиб қолса ва барча маълумотларни ўчириб юборса  – аҳвол чатоқ. Шундай пайтларда маълумотларингизни тиклаш учун сизга айнан «булутли» сервисда сақлаб қўйилган захира нусхалар ёрдам бера олади.

Захира нусхасини сақлаш функциясини фаоллаштириш учун қурилмангиз  созламалари – «Настройки»ни очасиз, «Бошқалари» («Другие») бандидаги «Захира нусхалаш ва тиклаш» («Резервное копирование и восстановление») бўлимига, ундан эса «Маълумотларни захира нусхалаш» («Резервное копирование данных») қисмига киринг.

Хўш, юқоридаги тавсияларга амал қиласизми, ёки антивирус ўрнатиб оласизми?

ЎҚИНГ: Android учун бепул антивируслар

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!