Android тизимига вируслар нега тушади ва улардан қандай қутуламиз?

  •   DiMaX
  •  3626
  •  21.12.2017 17:45

Android тизимига вируслар нега тушади ва улардан қандай қутуламиз?

Бирор қурилмамизнинг тўғри ишлашига халақит берувчи, уни ишдан чиқарувчи дастурий таъминотларни битта сўз билан «вирус» дейишга одатланганмиз. Бироқ улар ҳақида кўпчилигимиз фақат умумий тасаввурга эгамиз, холос.

Шуни инобатга олиб, Android операцион тизимига тушиши мумкин бўлган вирусларнинг турлари, уларнинг зарарлари, зиёнкор дастурларни фарқлаш, улардан қутулиш ва ҳимояланиш борасидаги лўнда маълумотларни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

ВИРУСЛАР НИМА ҚИЛИШИ МУМКИН?

  1. Телефон рақамингиз ҳисобидан пул ўғирлайди

Кўпинча вируслар сизга билдирмасдан, пулли рақамларга қўнғироқ қилади ва SMS-хабарлар юборади. Бу ҳол токи SIM-картангиз ҳисобида маблағ тугагунича давом этади.

  1. Маълумотларни ўғирлайди

Айрим вируслар қурилма эгасининг интернет-банклар паролларини ёки банк картаси маълумотларини фирибгарларга юбориб туради. Бошқалари эса билдирмасдан камерани ёки диктофонни ёқади, ё бўлмаса гаджетнинг хотирасидаги файлларни жўнатади.

  1. Гаджетнинг меъёрий иш фаолиятини бузади

Булар кўпинча товламачи-баннер кўринишида бўлиб, қурилмадан фойдаланиш учун бирор ҳисобга пул ўтказишни талаб этиб экранга чиқиб тураверади.

ЎҚИНГ: Янги турдаги вирус ҳатто смартфонни портлатишга қодир!

ВИРУСЛАРНИНГ КЎРИНИШИ ҚАНДАЙ?

Вируслар одатда зарарсиз илова ёки файл кўринишида ниқобланган бўлади: браузер, плеер, ўйин, навигатор, китоб ёки ҳатто антивирус.

Улар икки турга бўлинади:

  1. Сохта файл – бирор таниқли илованинг номи ва белгичаси остидаги файл, аммо ичида фақат зиёнкор код бўлади. Вирусларнинг аксарияти айнан шундай турга мансуб.
  2. Троян – оддий илованинг ичига зиёнкор код киритилган бўлади ва у шу илованинг ўзи билан бирга ишлайди.

Одатда вируслар қурилма хотирасидаги «Download» жилдига ўрнашиб олади. Улар худди иловаларнинг ўрнатилувчи файли кўринишида – «apk» кенгайтмаси остида бўлади.

«Download» жилдидаги «apk» кенгайтмали вирус файллари

СМАРТФОН ЁКИ ПЛАНШЕТГА ВИРУСЛАР ҚАНДАЙ ТУШАДИ?

  1. Фирибгарлар кўпинча вирусларни қуйидаги йўллар орқали тарқатишади: «катталарга мўлжалланган» сайтлар, «осон пул топишни ўргатувчи» блоглар, торрент-трекерлар ва ҳоказо.

Тасаввур қилинг, сиз интернетда қандайдир ўйин, фильм ёки дастурни излаётиб, аллақандай форумга кириб қоласиз. У ерда кимдир ўша файлни юклаб олиш учун ҳавола қолдирган ва бошқа ҳамма унга миннатдорчилик билдириб изоҳ ёзаётган бўлади.

«Бепул Навител»ни юклаб олиш мумкин бўлган «Форум»

Аслида эса, ушбу форум қалбаки, унда ёзишаётган барча аъзолар – тўқима бўлиб, уларнинг мақсади – кириб қолганларни шу файлга ишонтиришдир.

Ёки бўлмаса, бирор сайтга кирсангиз, «қалқиб чиқувчи» ойнада хабар пайдо бўлади. Унда сизнинг смартфон/планшетингизга вирус тушганлиги айтиб огоҳлантирилади ва «Мана бу бепул антивирусни юклаб олиш» таклиф этилади. Ёки бирор дастур эскирганлиги айтилиб, уни «Мана бу ҳавола орқали янгиламаса, ҳаммаси ўчиб кетади», дея огоҳлантирилади. Баъзи ҳолларда ҳатто қурилмангиз вибрацияси ишга тушиб, ғалати товушлар ҳам чиқаради.

«Вирус топилгани ҳақида»ги қалқиб чиқувчи хабар

Бу каби хабарларнинг вазифаси – сизни ваҳимага солиш ва хабардаги ҳаволани ёки тугмачани босишга кўндиришдир.

  1. SMS, MMS ва электрон почта орқали тарқатилади

«Танишув сайтидаги қиз»дан келган SMS, «Германиядаги нотариус»дан келган (нотаниш амакидан фалон миллион доллар мерос қолганлиги ҳақидаги) электрон мактуб – булар бир қарашда безарар, шунчаки рекламага ўхшаб кетади. Бироқ бу каби хабарларнинг барчасида ҳаволалар мавжуд бўлиб, фирибгарлар учун уларни босишингиз зарур.

Фирибгарлик хабари

Юқоридаги ҳолатлар – шунчаки мисоллар бўлиб, ҳозирда фирибгарлар кўплаб бошқа усулларни ҳам ўйлаб топишмоқда. Бу каби хабарларнинг ягона мақсади – ундаги ҳаволани (тушмачани) босишга сизни ундашдир. Босдингизми – тамом: қурилмангизга вирус кўчирила бошлайди.

Юқори чап бурчакдаги белгича
вируснинг кўчирила бошлаганини кўрсатади

 

Аммо вируснинг ишга тушиб кетиши учун уни юклаб олишнинг ўзи етарли бўлмайди, уни ҳали ўрнатиш ҳам керак. Одатда вируслар, юқорида таъкидлаганимиздек, «Download» жилдида «apk» кенгайтмали файл кўринишида туради.

Агарда вирус файлининг устига боссангиз, у ўрнатила бошлайди, яъни, унга бериладиган рухсатлар рўйхати чиқади. Ёдда тутинг: рухсатлар – шу илова ўрнатилганидан кейин қайси амалларни бажара олишига сиз бераётган розиликдир.

Вируснинг рухсатлари рўйхати

Агар ўрнатишни тасдиқловчи «Установить» тугмачасини боссангиз тамом – вирус қурилмангизга ўрнашиб олади ва сиз юқорида ўқиб ҳам ўтирмасдан рухсат бериб юборган рўйхатдаги амалларни бажаришга тушади.

ВИРУСНИ ЗАРАРСИЗ ИЛОВАДАН ҚАНДАЙ ФАРҚЛАШ МУМКИН?

Кўпчилик вируслар нопрофессионал дастурчилар томонидан тузилади, улар ноқонуний йўллар билан тезроқ пул ишлаб олишни исташади. Шунинг учун ҳам бундай вирусларнинг стандарт белгилари – SMS-хабарлар юборишга ёки қўнғироқлар қилишга рухсат сўрашидир. У қурилмангизга ўрнашиб олиши билан пулли хабарлар юборишни, пулли рақамларга қўнғироқ қилишни бошлайди.

Мана, қуйида айрим мисолларни суратлари билан кўриб чиқамиз. Уларда чап томондаги суратларда Google Play маркетидан ўрнатиладиган ҳақиқий илованинг, ўнгдаги суратларда эса – бирор сайтдан кўчириб олинган, мана шу илова номи остида яширилган вируснинг сўрайдиган рухсатлари акс эттирилган:

Доктор Веб антивируси

 

 

Яндекс Навигатор

 

Гапирувчи мушук Том

 

Албатта, қўнғироқлар ва хабарларга рухсат сўрайдиган иловаларнинг ҳаммаси ҳам вирус эмас. Шунингдек, вирусларнинг ҳаммаси ҳам пулли функцияларга рухсат сўрайвермайди.

Агарда фирибгарлар сизнинг камерангиз орқали жосуслик қилишни истасалар – улар яратган вирус камерадан фойдаланишга рухсат сўрайди.

Агарда уларга файлларингиз керак бўлса – вирус қурилма хотирасини кўришга ва интернетга уланишга рухсат сўрайди.

Агар экранни баннер билан блокламоқчи бўлишса – вирус маъмур (администратор) ҳуқуқини сўрайди.

Айрим вируслар эса ҳатто ўрнатиш жараёнида рухсатларни яширишни ҳам эплайди.

Сифатли ясалган вирусларни таниб олиш ҳам қийин – бунинг учун илованинг чиқиш кодини кўриш, ёки вирусни қурилмага ўрнатиб туриб, ундан логларни (ҳаракатлари журналини) олиш ва текшириб чиқиш керак бўлади. Бу эса махсус мутахассислик малакаларини ҳамда жиҳозларини талаб этади. Бахтимизга, бунақа вируслар кам учрайди.

Оддий фойдаланувчилар учун эса қуйидаги икки омилни эслаб қолиш ва эҳтиёткорлик қилиш кифоя:

Агар илова қандайдир тушунарсиз сайтдан кўчириб олинган бўлса ҳамда пулли функцияларга рухсат сўраса – 99 фоизлик эҳтимол билан у вирус бўлиши мумкин.

СМАРТФОН ЁКИ ПЛАНШЕТНИ ВИРУСЛАРДАН ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАШ МУМКИН?

  1. Иловаларни фақат Google Play иловалар дўконидан ўрнатинг ва уларни танлашга жиддий ёндашинг.

Оддий фойдаланувчи одатий иловадан вирусни фарқлаши жуда мушкул. Шунинг учун ҳам Google компанияси хавфсиз иловаларнинг каталоги – Google Play маркетини ташкил этган.

Бирор иловани Google Play’га қўшишдан олдин, компания унда зиёнкор код йўқлигини текширади. Иловаларни фақат шу каталогдан олиб ўрнатадиган фойдаланувчилар турли сайтлар ва форумлардан кўчирилган иловаларни ўрнатадиганлардан кўра кўпроқ ҳимоялангандир. Лекин ёдда тутинг: ҳеч нима буткул хавфсиз эмас, шу боис ҳатто Google Play’дан ўрнатаётганда ҳам илованинг рухсатларини жиддий кўриб чиқинг, рейтингларига қаранг.

ЎҚИНГ: AndroidBozor.uz – TAS-IX’даги биринчи профессионал иловалар дўкони!

  1. Турли номаълум ҳаволалар орқали бирор жойга ўтманг, айниқса, SMS, MMS ёки электрон почта орқали келган ҳаволалардан эҳтиёт бўлинг.

Фирибгарлар ҳозирда ҳатто қалбаки телефон рақамлари ва электрон почта манзиллари яратишни ҳам ўрганиб олишган. Шу боис вирусли ҳаволалари мавжуд бўлган хабар ёки хатлар сизнинг танишларингиздан ҳам келиши мумкин. Бундай ҳолларда уни юборган танишингиз билан телефон орқали боғланиб, шунақа ҳаволаси мавжуд бўлган электрон хат ёки хабар юборган-юбормаганини сўранг.

ЎҚИНГ: «Тахтлар ўйини»: спойлерлар хавфли, очманг!

  1. Қурилмангизни root қилманг ва норасмий прошивкаларни ўрнатманг.

Агарда смартфонингиз ёки планшетингизда рут ҳуқуқни қўлга киритган бўлсангиз, вирус ҳатто тизимдаги иловаларга ҳам ўрнашиб ола билади. Кейин эса токи девайсингизни бошқатдан прошивка қилмагунча вирусдан халос бўла олмайсиз.

  1. Уяли алоқа операторингиз орқали MMS хизматини ўчиртириб қўйинг ёки қурилмангизда MMS’ларни автоматик қабул қилишни ўчиринг.

Фирибгарлар вирусни MMS ёрдамида қурилмага тўғридан-тўғри узатишлари мумкин. MMS’ларни автоматик қабул қилишни ўчириш учун мана бу амални бажарасиз:

Сообщения → Опции → Настройки → (Дополнительно) → MMS → Автополучение (Автозагрузка) → Отключить.

MMS’ларни автоматик қабул қилишни ўчириш
  1. «Автотўлов» (телефон рақамининг ҳисобидаги пул маблағи маълум миқдоргача пасайганида автоматик тўлдириш) банк хизматини улатманг.

Мабодо қурилмангизга вирус тушиб қолса, у пулли рақамларга SMS-хабар юбориб ёки қўнғироқ қилиб, SIM-картангиздаги пулни тугатаверади, «Автотўлов» хизмати эса пластик картангиздан яна рақамингиз ҳисобига ўтказаверади. Одатда, бундай ҳолларда банкдан келадиган SMS-хабарлар блокланади ва улар сизгача етиб келмайди. Натижада бу жараён то пластик картангиз бўшаб қолгунича давом этади.

Фойдали маслаҳат: банкдан ва бошқа муҳим ташкилотлардан келадиган хабарларни қабул қилиш учун алоҳида, ҳеч ким билмайдиган рақамли SIM-карта ҳамда уни қўйиш учун оддий тугмачали телефон олиб қўйинг.

СМАРТФОН ЁКИ ПЛАНШЕТДА ВИРУС ПАЙДО БЎЛГАНИНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАЙМИЗ?

Бунинг универсал белгиси йўқ, ҳаммаси вирусга ва унинг турига боғлиқ. Айримлари ўрнашиб олиши биланоқ ўзини билдиради (экранда баннер пайдо бўлиб, қурилмани бошқариш блокланади), бошқалари яшириниб ётганича, зимдан иш қилади.

Лекин кўпчилиги учун характерли белгилар ҳам мавжуд. Масалан, агар қуйидаги аломатларни сезсангиз, смартфонингизга вирус тушиб олганлиги эҳтимоли юқори:

  • Ҳисобингиздан қўнғироқлар ёки SMS-хабарлар учун кўп пул кета бошлайди;
  • Фирибгарларга пул тўлашни талаб этувчи баннер чиқиб қолади;
  • Нотаниш дастурлар пайдо бўлади;
  • Батарея қуввати жуда тез тугай бошлайди;
  • Тушунарсиз иловалар томонидан интернет-трафик тез сарфлаб тугатилаверади;
  • Қурилманинг ишлаши жуда «оғирлашиб» қолади.

АГАР МЕНЮ ОЧИЛАДИГАН БЎЛСА, ВИРУСНИ ҚАНДАЙ ЎЧИРСА БЎЛАДИ?

  1. Ҳисобингиздан пул ечилмаслиги учун SIM-картангизни ундан олиб туринг.
  2. Wi-Fi орқали интернетга уланиб, албатта Google Play’дан бирор антивирусни олиб ўрнатинг.

ЎҚИНГ: Android учун энг зўр 8 та антивирус

  1. Қурилмангизни антивирус билан текшириб, топилган вирусларнинг барчасини ўчиринг.
  2. Ўрнатилган шу антивирусни ҳам ўчириб ташланг.
  3. Google Play’дан энди бошқа бир антивирусни юклаб олиб ўрнатинг.
  4. Барча иловалардан маъмурлик ҳуқуқини олиб ташланг. Улардан бирортасидан бу ҳуқуқни олиш имкони бўлмаса, илованинг ўзини ўчириб ташланг.
  5. Ўрнатилган дастурларнинг барчасини кўриб чиқинг ва ўзингизга номаълумларини ўчириб ташланг.
  6. Қурилмани ўчириб-ёқинг.
  7. Агарда шундаям кўнглингиз хотиржам бўлмаса, ёки юқоридаги усул иш бермаса, у ҳолда гаджетингизнинг созламаларини тўлиқ дастлабки ҳолатига қайтаринг. Агарда тизим ва иловалар билан ишлашда тажрибангиз кам бўлса, юқоридагиларга бош қотириб ҳам ўтирмасдан, биратўла шу усулни қўллаганингиз маъқул.

ЎҚИНГ: Android созламаларини дастлабки ҳолатига қайтариш

  1. Агарда ўзингиз вирусни бирёқли қила олмасангиз, у ҳолда қурилмангизни ишлаб чиқарган компаниянинг сервис марказига мурожаат этинг.

ЎҚИНГ: Ўзбекистондаги Samsung ваколатли сервис марказларининг рўйхати

АГАР МЕНЮ ОЧИЛМАСА (ТОВЛАМАЧИ-БАННЕР ЧИҚСА), ВИРУСНИ ҚАНДАЙ ЎЧИРИШ МУМКИН

Смартфон экранидаги товламачи-баннер

Агарда қурилмангиз экранида товламачи-баннер чиқиб қолиб, уни бошқариб бўлмай қолса, қуйидагиларга амал қилинг:

  1. Фирибгарлар ҳисобига пул ўтказа кўрманг – улар барибир қурилмангизни блокдан чиқаришмайди.
  2. Ҳисобингиздан пул ечилмаслиги учун SIM-картангизни ундан олиб туринг.
  3. Қурилмангизни хавфсиз режимга ўтказиб олинг. Бунда барча иловалар, жумладан вируслар ҳам блоклаб турилади. Бу режимга ўтиш ҳақида қуйидаги мақоламизда маълумот берилган:

ЎҚИНГ: Сиз билмаган саккиз Android-ишора

  1. Барча иловалардан маъмурлик ҳуқуқини олиб ташланг.
  2. Номаълум иловаларни ўчириб ташланг.
  3. Қурилмани ўчириб-ёқинг.
  4. Агарда шундаям кўнглингиз хотиржам бўлмаса, ёки юқоридаги усул иш бермаса, у ҳолда гаджетингизнинг созламаларини тўлиқ дастлабки ҳолатига қайтаринг. Агарда тизим ва иловалар билан ишлашда тажрибангиз кам бўлса, юқоридагиларга бош қотириб ҳам ўтирмасдан, биратўла шу усулни қўллаганингиз маъқул.
  5. Вирусни ўзингиз бартараф эта олмасангиз, сервис марказига ёки усталарга мурожаат этинг. Фақат бунда ҳам имкон қадар кўзингиз олдида тузатишларини талаб қилинг.

ЎҚИНГ: Хизмат кўрсатиш марказларида сизни қандай қилиб лақиллатишади?

ANDROID-ҚУРИЛМАГА АНТИВИРУС КЕРАКМИ ЎЗИ?

Агарда сиз тажрибали фойдаланувчи бўлмасангиз ва бу борада ўз билимларингизга ишонмасангиз – антивирус ўрнатиб қўйганингиз маъқул. Лекин фақат биттасини ўрнатинг, чунки иккита бўлса, бир-бирига халақит беради.

ЎҚИНГ: Android учун бепул антивируслар

Агарда қурилмалардан ҳамда Android тизими ва ундаги иловалардан фойдаланишда етарлича тажрибангиз бўлса, бу савол сизни хавотирга солмаслиги керак.