Android учун апрель ойидаги энг яхши иловалар

  •   DiMaX
  •  2085
  •  01.05.2017 18:15

Android учун апрель ойидаги энг яхши иловалар

Ўтган ойда Android тизимли қурилмалар учун янги иловалар чиқди, баъзи дастурларнинг янги версиялари тақдим этилди. Қуйидаги тўпламда улардан энг яхшиларини, оммавийларини санаб ўтамиз. Рўйхатдаги дастурлардан айримлари сиз учун янгилик бўлса, қолганлари аввалдан таниш.

Gboard

Google компанияси ўзининг Gboard клавиатураси учун навбатдаги янгиланишни чиқарди. Унда курсор клавишлари, матнни нусхалаш ва қўйиш функцияси, битта қўлда териш учун яхшиланган режим ҳамда ташқи кўринишида бир нечта қизиқарли ўзгаришлар пайдо бўлган.

Агарда сиз бета-синов дастури иштирокчиси бўлсангиз, GBoard’нинг янги версиясини Google Play каталогидан ушбу ҳавола орқали юклаб олишингиз, унинг имкониятлари билан эса мана бу хабаримизда танишишингиз мумкин.

GlassWire

Мазкур илова мобиль тармоқ, шунингдек  Wi-Fi орқали фойдаланилаётган трафик миқдорини батафсил билишни истовчилар учун ишлаб чиқилган. Маълумотларни реал вақт режимида, чиройли графикада кўриш мумкин. Шунингдек, GlassWire маълум бир вақт – кун, ой, йил давомидаги маълумотлар узатиш статистикасини ҳам кўрсатади.

Дастурни мана бу ҳавола орқали олиб ўрнатиш мумкин, унинг хусусиятлари билан батафсил танишиш учун эса тегишли мақоламизни ўқиб чиқинг.

Linux CLI Launcher

Linux CLI Launcher бизнинг Android тизими интерфейси ва ундан фойдаланиш ҳақидаги одатий тасаввурларимизни остин-устун қилиб юборади. Лаунчернинг асосий элементи – буйруқлар сатри (командная строка) ҳисобланади. Смартфонда бирор дастурни ишга тушириш, SMS юбориш ва бошқа оддий ишларни бажариш учун… буйруқларни териш керак!

Мақоламизда таъкидлаганимиздек, Linux CLI Launcher кўпроқ дастурчиларга мос келади, аммо барча қизиққанлар мазкур лаунчерни мана бу ҳавола орқали кўчириб олишлари ва ишлатиб кўришлари мумкин.

Telegram

Telegram’да Ўзбекистон учун ҳам овозли қўнғироқлар ишга тушганидан хабарингиз бор. Энди унинг бета-версиясида қурилманинг олд камерасида ёзилган қисқа видеолавҳаларни юбориш функцияси қўшилди. Уни синаб кўриш учун мессенжернинг ўзида Telegram Beta Blog каналини (@tgrambeta номи бўйича) топинг ва унга обуна бўлинг.

Telegram’нинг расман охирги версиясини эса мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олиш мумкин.

Поэтайзер

Бу дастурнинг ўзига хослиги – ҳар бир суратнинг руҳидан келиб чиқиб, унга атаб шеърий мисраларни танлаб жойлаб беради. Шеърлар рус тилида бўлиб, таниқли шоирларнинг ижодидан олинган. Бу билан фотосуратнинг ўзига хослиги оширилади, унга шоирона руҳ бағишланади.

Илова ҳақидаги хабаримизни мана бу ерда ўқиб, унинг ўзини эса ушбу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

Microsoft To-Do

To-Do дастури кишиларга ўз ҳаётини янада яхши ташкиллаштиришга ва ҳар бир кундан имкон қадар ҳамма нарсани ола билишга ёрдам беради.

У ишчи лойиҳаларни бошқариш учун ҳам, майда уй юмушларини ёзиб, режалаштириб бориш учун ҳам қўл келади. Илова Microsoft компаниясининг бошқа сервислари, жумладан, Office 365 офис тўплами ва Outlook билан интеграциялашади.

Мазкур дастурни ушбу ҳавола орқали ўрнатиб оласиз.

Messenger Lite

Messenger Lite бу – Android қурилмаларга мослаб чиқарилган, фақат базавий функцияларга эга ва ресурсни минимум миқдорда талаб этувчи мессенжер.

Аввалига Facebook’дагилар, бу илова интернетга уланиш ва унинг тезлиги муаммоли бўлган ҳудудларда кўпроқ оммалашади, деб ўйлашганди. Аммо энди компания Messenger Lite’нинг географиясини кенгайтиришга қарор қилди. Эндиликда бу илова яна 132 мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ишламоқда.

Бу ҳақдаги хабаримизда у ҳақдаги бошқа маълумотларни ўқишингиз ва мессенжерни ушбу ҳавола орқали кўчириб олишингиз мумкин.

Terabayt

 Севимли сайтингизнинг хабар ва мақолаларини тўғридан-тўғри олиб туришингиз учун қулай илова. У орқали сайтимиз хабарларини бўлимлар орқали кўриш, мақолаларни кейинроқ ўқиш учун танлаб олиш ҳамда ўзингизга ёққан хабарларни ижтимоий тармоқлар орқали дўстларингизга улашиш имкониятлари мавжуд. Қолган имконият ва хусусиятлари ҳақида мана бу мақоламизда ёзилган.

Terabayt.uz сайтининг Android иловасини қурилмангизга Google Play Market’дан олиб ўрнатишингиз ёки TAS-IX’даги илк профессионал иловалар дўкони –AndroidBozor.uz’дан юклаб олишингиз мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!