Android учун бепул антивируслар

  •   DiMaX
  •  4599
  •  13.03.2017 11:46

Android учун бепул антивируслар

Вирус тушунчасининг маъно кўлами кенгайиб, тиббиёт оламидан чиқиб, электроника оламига кириб келиши, аввало, компьютерлар билан боғлиқ. Кейинчалик, «ақлли» телефон ва бошқа қурилмаларга ҳам вирус туша бошлади. Уларга қарши антивирус дастурлари ишлаб чиқарувчилар эса махсус иловалар ҳам яратишга ўтишди.

Google Play иловалар дўконида Android тизимидаги қурилмалар учун пулли антивируслар билан бирга бепуллари ҳам мавжуд. Қуйида шулардан энг яхши бешта антивируснинг хусусиятларини қисқача баён этамиз.

Kaspersky Antivirus & Security

Антивирус дастурлар ишлаб чиқувчи бренд компаниянинг Android платформасида ишловчи девайслар учун яратган иловаси. Google Play’дан уни 50 миллион мартадан ортиқ юклаб олганликлари ҳам бежиз эмас.

Kaspersky Antivirus & Security шартли бепул тарзда тарқатилади, яъни, уни гаджетингизга ўрнатиб, фойдалана бошлаганингиздан кейин маълум муддат ўтиб, айрим функциялари блокланади ва пулли обунани талаб этади. Аммо барибир, антивирус сканерини ўзингиз истаганча ишга солишингиз мумкинлиги қувонтиради.

Функциялари:

  • Зарарли дастурий таъминотдан ҳимоя
  • Ўғирлашга қарши модуль
  • Контактларга рухсатни чеклаш
  • Қора рўйхат
  • Веб-фильтр

Norton Security & Antivirus

Мазкур антивирус икки версияда тарқатилади: бепул (синаб кўриш учун) ва пулли. Бепул версия функциялари ҳам Андроид базасидаги смартфонларни вируслардан тўлиқ муҳофаза этади, чунки ишлаб чиқувчилар иловада асосий вазифаларнинг бажарилишини чеклашмаган.

Бундан ташқари, Norton Security & Antivirus’нинг бепул версиясида смартфонни SMS воситасида масофадан туриб блоклаш опцияси бор. Тағин, у ўрнатилган иловаларда зарарли код бор-йўқлигини ҳам текшира олади.

Илованинг пулли версияси эса вируслар ва ўғри дастурлардан, шунингдек, зиён келтирувчи сайтлардан тўлиқ ҳимояни таъминлайди.

Функциялари:

  • Зарарли дастурий таъминотдан ҳимоя
  • Ўғирлашга қарши модуль
  • Контактларга рухсатни чеклаш
  • Қўнғироқларни чеклаш
  • Веб-ҳимоя
  • Маълумотларни нусхалаш ва тиклаш
  • Иловалар бўйича маслаҳат

Аваст антивирус & ҳимоя

Фойдаланувчининг Андроид-қурилмасини ва унинг ичидаги маълумотларни ҳар қандай хавфдан ҳимояловчи энг кенг оммалашган бепул антивирус. Кўпчилик юзерларга бу дастурнинг компьютер версияси яхши таниш. Унинг Андроид версиясида эса хавфсизликдан ташқари брандмауэр ҳам, Wi-Fi сканер ҳам, ҳатто тезлаштирилган қувватлаш функцияси ҳам бор!

Аваст антивирус & ҳимоя иловасининг пулли версиясида иловаларни ва рекламаларни блоклаш функциялари ҳамда қўллаб-қувватлаш маркази мавжуд. Бу – бепул функциялари энг кўп бўлган кам сонли антивируслардан биридир.

Дарвоқе, мазкур антивирусни TAS-IX’даги илк профессионал иловалар дўкони – AndroidBozor.uz’дан ҳам кўчириб олиш имкони бор.

Функциялари:

  • Зарарли дастурий таъминотдан ҳимоя
  • Веб-ҳимоя
  • Брандмауэр
  • Wi-Fi сканери
  • Ўғирлашга қарши модуль
  • Қўнғироқларни чеклаш
  • Иловаларни блоклаш
  • Рекламаларни блоклаш
  • Тезкор қувватлаш

Avira Antivirus Security

Немислар томонидан ишлаб чиқилган Avira антивирусини машҳур брендлар қаторига қўшса ҳам бўлади. Аммо мазкур компания ҳали 1986 йилдаёқ вируслар муаммоси билан шуғуллана бошлаганини кўпчилик билмаса ҳам керак.

Корпоратив мижозларнинг улкан базасига таянган ҳолда, компания Андроид девайслар учун, функцияларига кўра пулли рақобатчилардан умуман қолишмайдиган бепул антивирус ишлаб чиқиш ҳеч гап эмас эди. Улар шундай қилишди ҳам – Avira Antivirus Security бирорта пулли ҳимоя дастури билан беллаша олади!

Илованинг пулли – премиум версиясига эса кенг фойдаланувчилар оммаси учун унчалик ҳам муҳим бўлмаган функциялар қўшилган: интернетда хавфсиз кезиш, янгиланишнинг бирламчи мақоми ҳамда фойдаланувчиларни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш хизмати.

Функциялари:

  • Зарарли дастурий таъминотдан ҳимоя
  • Шахсий маълумотлар ҳимояси
  • Иловаларни таҳлил этиш
  • Рухсатни чеклаш
  • Қурилмани геолокацион қидириш

McAfee ҳимоя ва антивирус

Америкаликлар томонидан ишлаб чиқилган мазкур антивируснинг Андроид иловаси бепул версияда ҳам қатор фойдали функцияларга эга. Пулли версияси эса медиа-файлларни юклаб олиш имкониятини, телефон бўйича кенгайтирилган қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади.

Агарда сиз компьютер учун McAfee LiveSafe ҳамда McAfee All Access дастурларининг доимий фойдаланувчиси бўлсангиз, унда мазкур антивируснинг мобил иловасига премиум обунани ҳам бепул оласиз.

Функциялари:

  • Зарарли дастурий таъминотдан ҳимоя
  • Тармоққа уланиш сканери
  • Ўғирлашдан ҳимоя
  • Қурилмани блоклаш
  • Шахсий маълумотлар ҳимояси
  • Захира нусхани яратиш
  • Қурилманинг ишини оптималлаштириш функцияси
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!