Android учун Day by Day – мақсадга ундовчи ҳамроҳингиз!

  •   DiMaX
  •  2500
  •  09.03.2017 13:52

Android учун Day by Day – мақсадга ундовчи ҳамроҳингиз!

Одамзод смартфон ёки планшети, компьютери орқали турли ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, ўйинларга ўралашиб қолса, реал ҳаётдаги айрим ишларини унутиб қўйиши, кечиктириб юбориши – бор гап. Аммо буни йўлга солишда ҳам айнан технологиялар, аниқроғи – махсус дастурлар ёрдам бериши мумкин. Шулардан бири – Android платформали қурилмалар учун ишлаб чиқарилган Day by Day иловасидир.

У узлуксиз занжир услубидан фойдаланиб, ўзингизни назорат этиб боришингизга кўмаклашади. Бу оддийгина, аммо самарали усул сизни яхши одатларда бардавом бўлишга ва белгиланган бирор фойдали юмушни ҳар куни мунтазам тарзда бажариб боришга руҳлантиради.

Аввалига сиз дастурга мунтазам тарзда – ҳафтанинг тегишли кунларида (ёки ҳар куни) амалга оширишингиз лозим бўлган ишни киритасиз. Масалан, душанба, чоршанба ва жума кунлари бирор хорижий тилни ўрганиш бўйича машғулот ўташингиз керак бўлса, шуни киритасиз. Кейин эса, уни бажарган ҳар бир кунингизни вақт шкаласида белгилаб бораверасиз. Шуни мунтазам тарзда амалга ошириб, сиз бу жараённи узлуксиз занжир тарзида кўрасиз. Агар бирор кунни шу ишни бажара олмасдан ўтказиб юборсангиз, дастурдаги занжирнинг ўша кунида бўшлиқ қолади.

Day by Day дастуридан фойдаланиб, қизиқарли психологик самарани кузатиш мумкин: сиз узун узлуксиз занжирчага боқиб қониқиш ҳосил қиласиз, оралиқдаги узилишларни эса ёмон кўрасиз. Машғулотлар бажарилиши жараёнининг айнан мана шундай схема тарзидаги акс этиб бориши сиз учун қўшимча руҳланиш манбаи бўлади.

Янги одатни иловага киритаётиб, сиз унинг бажарилиши учун ҳафта кунларини белгилашингиз, белгича танлашингиз ва ном қўйишингиз мумкин, масалан: «Тонгги гимнастика» ёки «Инглизчани ўрганиш». Агар шу машғулотни бажаришингиз лозим бўлган кунлар сонини кўрсатсангиз, бу одатни мақсадга айлантиради. Бу ҳолатда вақт шкаласининг ёнида шу умумий жараённи фоизларда кўрсатувчи кўрсаткич ҳам акс этади.

Бундан ташқари, дастур ҳар кунлик эслатмалар функциясига ҳам эга. Шунингдек, ҳафтанинг исталган кунига матнли изоҳ белгилаб қўйиш мумкин.

Бепул версияда Day by Day иловасига иккитагача машғулот киритиб қўйиш мумкин. Чекловни олиб ташлаш ва интерфейснинг бир неча қўшимча функцияларига эга бўлиш учун эса тегишли миқдорда тўловни амалга ошириш керак бўлади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!