Android учун диктофон танлаймиз

  •   DiMaX
  •  7289
  •  27.05.2017 14:23

Android учун диктофон танлаймиз

Android тизимли қурилмалар учун Google Play иловалар дўконида диктофон-иловалар кўп, аммо сифатлилари кам. Hi-Tech Mail.Ru шулар орасидан саралаб, энг яхши бештасининг қисқа тавсифларини тақдим этган. Марҳамат, энг яхши диктофонлар билан танишинг.

1. «Оддий диктофон»

Агарда овоз ёзиш учун самарали ишловчи дастур излаётган бўлсангиз-у, Android тизимининг ўзидаги – штатдаги илова қониқтирмаётган бўлса, у ҳолда сизга «Оддий диктофон»ни тавсия этамиз.

Мазкур дастурда овознинг ёзилиши юқори сифатда – PCM ва AAC форматида ҳам, шунингдек, жойни тежаш мақсадида AMR’дан фойдаланган ҳолда ҳам амалга оширилади. Овозли ёзувларни қайта номлаш ва ўчириб юборишдан ташқари, рингтон сифатида сақлаш, почта орқали жўнатиш ва бошқа амалларни бажариш ҳам мумкин.

Хулласи калом, «Оддий диктофон» – шахсий қайдларни, учрашувлар ва дарсларни ёзиб олиш учун қулай восита!

Афзалликлари:

  • Улашиш имкониятлари
  • Интерфейс расмийлаштириш мавзулари
  • Оддий таҳрирлаш
  • Ёзувни рингтонга ўрнатиш
  • PCM, AAC ва AMR форматлари

«Оддий диктофон» иловасини мана бу ҳавола орқали кўчириб олишингиз мумкин.

2. Audio Recorder

Бу илова – Sony Mobile томонидан Android учун тақдим этилган диктофон! Audio Recorder смартфон ёки планшетда овозни осон ёзиб олади ва ижро этади. Интуитив тушунарли интерфейс эса аудиони муаммосиз тўхтатиш ва таҳрирлаш имконини беради. Шунингдек, овоз ёзиш созламаларини ҳам осонгина тушуниб олиш мумкин.

Агарда смартфонингиз Sony Xperia бўлса, у ҳолда ҳатто ажойиб сифатда овоз ёзиш учун Stereo Microphone STM10 гаджетини улашингиз ҳам мумкин. Бироқ Audio Recorder иловаси нафақат Sony маҳсулотларига, балки Android тизимидаги бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг қурилмаларига ҳам бемалол тушади.

Афзалликлари:

  • Гаджетларни қўллаб-қувватлаш
  • Чиройли дизайн
  • Ёзув сифатини танлаш
  • Моно ва стерео тарзида ёзиш

Audio Recorder’ни ушбу ҳавола ёрдамида смартфон ёки планшетингизга ўрнатишингиз мумкин.

3. «Диктофон»

Кенг функционалга эга, ўзи эса «лўндагина» илова. Овоз ёзиш созламаларининг барчасини қўлда бажариш имконияти бор – ёзувнинг частота диапазони, формати ва битрейтини ўзингиз созлайсиз. Android учун «Диктофон» овозларни 4 хил форматда сақлай билади: PCM (wav), AAC (m4a), AMR (3gp) ва MP3.

Тайёр аудиоёзувларни ижтимоий тармоқларда улашиш ёки шахсий сақлагичга жўнатиш мумкин. Овознинг давомийлиги – вақт бўйича узунлиги эса фақатгина хотирадаги бўш жойга боғлиқ – қанча сиғса ёзувни шунча узоқ давом эттириш мумкин. Дастурнинг созламаларида эса, қўнғироқ келган пайти овозни тўхтатиб туриш функцияси билан бирга, ёзувни давом эттирадиган бўлсангиз овоз манбаини (микрофон ёки телефон қўнғироғи) танлаш имконияти ҳам бор.

Афзалликлари:

  • Дискретизация частотасини созлаш
  • Битрейтни ўзгартириш
  • Моно ва стерео тарзида ёзиш
  • Ёзувларнинг сараланишини созлаш
  • PCM, AAC, AMR ва MP3 форматлари

«Диктофон» иловасини Google Play’дан мана бу ҳавола ёрдамида кўчириб оласиз.

4. Smart Voice Recorder

Smart Voice Recorder – ўта даражада қулай Android-диктофон, унда овозни юқори сифатда ёзиш билан бирга, орадаги жимлик сонияларини қирқиб ташлаш ҳам мумкин. Масалан, хуррак ва босинқирашларни ёзиб олиш учун тунда бу иловани ёқиб қўйса бўлади; иш бўйича йиғилишлар, лекцияларни ёзиб олишда жуда қўл келади.

Овознинг кодланиши 8-44 кГц диапазонидаги дискретизация частотаси билан, wave/pcm форматида амалга оширилади; бу эса мобил диктофон учун керагидан ҳам ортиқроқ ҳисобланади. Бундан ташқари, Smart Voice Recorder ёзувнинг давом эттирилиши учун қанча вақт қолганини ҳам акс эттириб туриши жуда қулай. Ёзувнинг қанча давом этиши эса фақатгина қурилмангиздаги бўш жойга боғлиқ – хотирасида жой қанча кўп бўлса, овоз ёзишни шунча узоқ давом эттириш мумкин.

Тайёр бўлган аудиоёзувни электрон почтадан юбориш, DropBox’га юклаш ёки ижтимоий тармоқларда улашиш имкони мавжуд.

Афзалликлари:

  • Сезгирлик назорати
  • Овозни таҳлил этиш
  • Фон режимида ёзиш
  • Ёзувларнинг жойланишини танлаш
  • Қулайлик ва кўпфункциялилик

Google Play’дан қурилмангизга Smart Voice Recorder дастурини олиб ўрнатиш учун мана бу ҳаволадан фойдаланасиз.

5. SnipBack

Android-гаджетлар учун чиқарилган диктофонлар орасида SnipBack нисбатан янги, аммо зўр илова ҳисобланади. У овозни ёзаётган пайтнинг ўзида кераксиз маълумотларнинг ҳажмини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради. Унинг созламаларида уч хил овоз ёзиш интервалини кўрсатиш мумкин.

SnipBack’ни ёққанингизда, смартфонингиз эшитиш режимига ўтади, бироқ нутқ қисмларини амалда ёзиб олиш фақатгина сиз белгиланган учта интервал тугмачасидан биттасини босгачгина амалга ошади.

Масалан, агарда ўн дақиқалик сўзлашув давомида суҳбатдошингиз сизни қизиқтирувчи мавзуда фақатгина ўша 10 дақиқа ичидаги охирги 2 дақиқада гапирган. Сиз фақат шу икки дақиқани ёзиб олишга буйруқ беришингиз мумкин, ундан олдинги саккиз дақиқа овозлари эса ёзилмайди.

Ёзиш тугалланганидан сўнг SnipBack сиздан, ёзувнинг ҳаммасини битта файлга сақлаб қўясизми, ёки фақатгина белгиланган қисмларними, деб сўрайди – бу эса жуда яхши қулайлик!

Афзалликлари:

  • Содда интерфейс
  • Фондаги шовқинларни фильтрлаш
  • Ёзув сифатини танлаш
  • Ёзувларни қулай саралаш

Самртфонингизга SnipBack иловасини ушбу ҳавола орқали ўрнатиб олишингиз мумкин.