Android учун Telegram X янгиланди: автоматик тунги режим ва янги босқичдаги хавфсизлик!
Оригинал Telegram мессенжери сингари, TDLib (Telegram Database Library) асосида яратилган тезкор Telegram X иловаси ҳам ривожланишда давом этмоқда. Бугундан Android платформасида ишловчи гаджетлар эгалари унинг навбатдаги – 0.20.5.841 BETA талқинини юклаб олишлари мумкин.
ЎҚИНГ: Telegram X’нинг оддий Telegram’дан фарқи нималарда?
Telegram X’да ушбу янгиланиш орқали Android-қурилмалар фойдаланувчиларига қуйидаги ўзгаришлар тақдим этилган:
- «Созламалар» («Настройки») менюсида янги – «Интерфейс» банди пайдо бўлган.
- Билдиришномаларни бошқариш созламаларига LED функцияси қўшилган. Яъни, энди Telegram X’даги махфий чат, гуруҳ ёки канал орқали хабар келгани ҳақида смартфонга билдиришнома узатиладиганида, унинг LED (ёруғлик-диодли) индикаторининг қайси рангда ёнишини ўзингиз белгилай оласиз.
- Чатга «сузиб юрувчи» сана қўшилган.
- Умумий қидирув ва чатлар орасида қидирув функциялари яхшиланган. Аммо ҳозирча фойдаланувчи билан чатда муайян хабарни излаш имкони йўқ.
- Тунги режимга автоматик ўтса бўладиган янги интерфейс қўшилган.
- Қўнғироқлар учун махфийлик созламаларига бир хил мақомли (peer-to-peer, P2P) уланиш функцияси қўшилган.
- Энди махфий чатларда инкогнито-клавиатурадан фойдаланиш мумкин.
- Махфийлик созламаларида уланиш сеансларини текшириш имкони қўшилган. Масалан, сиз Telegram’да қайси сайт билан боғланганингизни текшириб кўришингиз мумкин.
- Энди бевосита «Созламалар» («Настройки») менюсидаги «Стикерлар» бандининг ўзиданоқ муайян стикерларни улаша оласиз.
- Бошқа яхшилаш ва тўғрилашлар жорий этилган.
ЎҚИНГ: Telegram ва WhatsApp’даги ўчирилган хабарларни ҳам ўқиш йўли топилди!
Android-смартфонингизга тезкор Telegram X клиентини ўрнатиб олиш (ёки аллақачон фойдаланаётган бўлсангиз – янгилаш) учун мана бу ҳавола орқали Google Play каталогига ўтинг.