Android яратувчиси 30 май куни қандайдир бир катта тақдимот қилмоқчи

  •   DiMaX
  •  1415
  •  26.05.2017 14:56

Android яратувчиси 30 май куни қандайдир бир катта тақдимот қилмоқчи

Android операцион тизими яратувчиси Энди Рубин ҳозирда Google компаниясида ишламайди. У ўзи асос солган, ромсиз смартфон устида иш олиб борувчи Essential стартапида фаолият юритмоқда. Бу қурилма қачон тақдим этилиши номаълум, аммо Essential ва Энди Рубин шу йилнинг 30 май санасида Code Conference конференциясида қандайдир бир улкан тақдимотни ўтказмоқчи. Кўпчилик буни айни ўша Essential’нинг смартфони бўлади, дея баҳоламоқда.

Шу йилнинг март ойида Энди Рубин ўз смартфонини, аниқроғи – унинг бир қисми суратини Twitter’да тарқатганди. Бу тасвирдан англаш мумкин бўлгани – смартфоннинг дисплейи атрофида умуман ром йўқ. Табиийки, у Android тизимида ишлайди, яна гап-сўзларга кўра, смартфон диагонали 5,5 дюймли дисплей билан жиҳозланади.

Апрелда эса Essential компаниясининг смартфони тея тахмин этилаётган қурилма синтетик тестда намоён бўлган, унга кўра, девайс Foxconn фабрикасида йиғилган. Бу девайс Snapdragon 835 процессорида, 4 гигабайтлик тезкор хотирада ишлайди. Bloomberg нашрининг тахминича, смартфон турли аксессуарларни улаш учун магнитли коннектор билан таъминланган бўлади.

Шунингдек, интернетда бу смартфоннинг силуэти ҳам тарқатилган:

Тарихга назар: Android операцион тизими Энди Рубин томонидан 2000-йилларнинг бошларида яратилган. Дастур илк босқичда рақамли камераларга мўлжалланган. Аммо Рубин ушбу фикрдан қайтиб, платформани телефонларга мослаган. 2005 йилда лойиҳани АҚШнинг Google компанияси сотиб олади.

Бироқ Google ушбу лойиҳани ривожлантириш таклиф этилган ягона корпорация эмас. 2004 йилда Энди Рубин ўзининг янги дастурига молиявий манба топиш мақсадида Жанубий Кореяга, Samsung штаб-квартирасига йўл олади. Лекин компания масъуллари унинг таклифига совуққонлик билан ёндашади ва янги операцион тизимнинг келажагига шубҳа билан қарайди. Натижада Рубин Кореядан қуруқ қўл билан қайтади. Бироқ айнан Рубин ва унинг жамоаси охир-оқибатда смартфонлар саноатини бутунлай ўзгартириб юборади.

Кореядан қайтгач Рубин Google асосчиларидан бўлган Ларри Пейдж билан учрашади ва компания дастурни молиялаштиришга рози бўлади. Бир муддат ўтгандан кейин Google стартапни 50 млн АҚШ доллари эвазига сотиб олади ва дастурни яратган 8 кишилик жамоани ўз сафига қабул қилади.

Нима бўлганда ҳам, Android муаллифининг биринчи смартфони қандай бўлишини яқин орада билиб оламиз, биздан узоқлашманг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.