Android’сиз қолиши – ҳали ҳолва: Huawei ўзининг Kirin процессорларидан ҳам маҳрум бўлиши мумкин!

  •   DiMaX
  •  1362
  •  22.05.2019 17:46

Android’сиз қолиши – ҳали ҳолва: Huawei ўзининг Kirin процессорларидан ҳам маҳрум бўлиши мумкин!

Трамп кўрсатмасига асосан Google ва бошқа бир қатор Америка компаниялари хитойлик техногигант билан ҳамкорликни тўхтатишмоқда. Энди Huawei смартфонлари Android янгиланишларидан ва Google сервисларидан маҳрум бўлади.

ЎҚИНГ: Huawei’нинг қўрқадиган жойи йўқ: Android ўрнига ўзининг Hongmeng операцион тизими бор!

Тўғри, АҚШ Савдо вазирлиги Huawei компаниясига мавжуд тармоқларни сақлаб қолиш ва амалдаги мижозларга дастурий таъминот янгиланишларини тақдим этиш имконини берадиган вақтинчалик умумий рухсатнома берди. Бироқ ушбу рухсатнома жорий йилнинг 19 августигача амал қилади, уёғига нима бўлишини эса ҳали вақт кўрсатади.

Бу орада яна бир ҳамкори – ARM компанияси ҳам Huawei билан бизнес-алоқаларини тўхтатишга қарор қилди. Гарчи ушбу фирма Буюк Британияга қарашли бўлса-да, ўзининг таъкидлашича, унинг маҳсулотларида «АҚШ технологиялари қўлланади», демак, Трамп кўрсатмаси доирасига улар ҳам киради. Ўзи шундоқ ҳам хитойлик техногигант билан ҳамкорлиги борасидаги шов-шувлар туфайли Англиянинг АҚШ билан муносабатлари унчалик яхши эмас.

ЎҚИНГ: Huawei билан ҳамкорлик ҳақида «оғзидан гуллаб» қўйган мудофаа вазири ишидан ҳайдалди

Huawei компанияси ўз операцион тизимни яратгани туфайли Android’сиз қолишдан қўрқмаслиги мумкин, лекин ARM билан ҳамкорлик тўхтаса – аҳволи чатоқ. Зеро, хитойликларнинг Kirin процессорларида ҳам мазкур компания ядролари қўлланади. Жумладан, Huawei’нинг сўнгги флагманларининг «электрон юраги» – Kirin 980 чипсети ҳам ARM Cortex-A76 ҳамда Cortex-A55 ядроларини, шунингдек, яна шу компанияга қарашли Mali-G76 график тезлатгичини ўз ичига олади.

Ўз процессорларида ARM технологияларини қўллагани учун Huawei британиялик компанияга дицензия тўловини тўлаб келади. Аммо англиялик компания мазкур лицензиясини бекор қилса, Huawei учун оғир кунлар бошланади.

Воқеалар ривожини Terabayt.uz билан бирга кузатишда давом этинг ва ҳозирча унинг энг охирги смартфонлари ҳақидаги хабаримиз билан танишинг:

ЎҚИНГ: Huawei таслим бўлмайди! Компания расмий тақдимот ўтказиб, энг зўр флагманларини намойиш этди!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.