Anonymous хакерларининг Англия ҳукуматига таҳдиди: «Ассанжни озод этинг ёки бизни кутинг!»

  •   DiMaX
  •  2151
  •  13.04.2019 11:31

Anonymous хакерларининг Англия ҳукуматига таҳдиди: «Ассанжни озод этинг ёки бизни кутинг!»

Буюк Британия полицияси куни кеча WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни ҳибсга олган эди. Anonymous гуруҳи хакерлари эса уни қўйиб юбориш талаби билан мамлакат ҳукуматига таҳдид қилмоқда.

ЎҚИНГ: Хакер овлаган хакер ҳақида ҳикоя

Жулиан Ассанж ким ўзи?

Жулиан Пол Ассанж – австралиялик ва эквадорлик интернет-журналист ва телебошловчи. У буюк державаларнинг ҳарбий жиноятлари ва дипломатик сирлари, ҳукуматлар олий доираларидаги коррупциялар, жосуслик можаролари ҳақидаги ўта махфий бўлган кўплаб маълумотларни ўз чиқишларида фош этган.

2006 йилнинг 4 октябрида у WikiLeaks халқаро нотижорат ташкилотига асос солган. Ушбу ресурс аноним манбалардан олинган ёки турли тасодифлар туфайли «сизиб чиққан» турли махфий маълумотларни ошкор этувчи ўзига хос энциклопедия вазифасини ўтайди, унинг сайти кўп мамлакатларда блокланган.

Нима бўлганди?

Жулиан Ассанж 2012 йилдан буён Лондон шаҳрида – Эквадор элчихонасида яшаб келаётган эди. Кўплаб мамлакатлар томонидан айбланиб келаётган Ассанжга Эквадор ҳукумати Англиядаги ўз элчихонасида сиёсий бошпана берганди.

Лекин куни кеча – 2019 йилнинг 11 апрелида Эквадор унга бошпана беришни рад этди ва Ассанж элчихонани тарк этишга мажбур бўлди. Кейин эса АҚШ ҳукумати сўровига кўра Буюк Британия полицияси уни ҳибсга олди.

Ассанжни нималарда айблашган?

Швецияда ушбу журналистни 2010 йили иккита ҳолат бўйича жинсий зўравонликда айблашган.

АҚШ ҳукумати эса фош этувчи машҳур журналистни Пентагон компьютер тармоқлари ҳимоясини бузиш мақсадида жиноий тил бириктиришда айблаган.

Энди эса, Англия ҳукумати Ассанжни ушбу икки мамлакатдан бирига экстрадиция қилиши мумкин. Агарда АҚШ қўлига топширилса, тележурналистни қатл ҳукми кутмоқда.

ЎҚИНГ: Хакерликни бошлаш учун 5 та китоб

Anonymous’нинг қандай алоқаси бор?

Ушбу ном остида аноним хакерлар ва ҳуқуқ фаолларининг замонавий халқаро тармоғи тушунилади. Мазкур гуруҳ Жулиан Ассанжни ҳамда WikiLeaks ресурсини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган.

Масалан, 2010 йили Ассанжнинг банк ҳисобларини «музлатиб» қўйган Visa ва Mastercard тўлов тизимлари шу хакерларнинг ҳужумидан жабр кўрган. Шунингдек, тележурналист номига маблағ ўтказмалари қабул қилишдан бош тортган PayPal тўлов тизими ҳам Anonymous зарбасига учраган.

Дарвоқе, 2016 йили «Народное слово» ва «Халқ сўзи» газеталари сайтлари ҳам айни шу гуруҳга алоқадор хакерлар ҳужумидан жабр кўрган эди.

Хакерлар нимани талаб этишяпти?

Anonymous гуруҳи хакерлари кеча ўз расмий сайтида баёнот эълон қилишган. Буюк Британия ҳукуматидан улар Жулиан Ассанжни қўйиб юборишни талаб қилишмоқда.

«Ассанжни озод этинг, акс ҳолда бадалини тўлайсиз!» дея таҳдид қилинган унда.

Хакерларнинг ёзишларича, Ассанжни бутун дунёда яхши кўришади. Уни давлат душмани дейишларига ягона сабаб эса – бу журналист ҳам ўнг, ҳам сўл қарашли сиёсатчиларнинг кирдикорларини фош этганидир.

Яна баёнотда ёзилишича, Ассанжнинг ҳибсга олиниши ҳамда WikiLeaks ва бошқа информаторларнинг таъқиб этилавериши – давлатларнинг ўз сирларини сақлаш учун ҳеч нимадан тап тортмаслигидан далолатдир.

Энди нима бўлади?

Anonymous хакерлари ушбу баёнотни «Бизни кутинг!» дея якунлашган. Уларнинг таҳдидига кўра, агарда яқин кунлар ичида Жулиан Ассанж озод этилмаса, Буюк Британия ҳукуматига бу жуда қимматга тушади.

Шунингдек, мазкур гуруҳ бутун дунё аҳлини Ассанж ҳимоясига даъват этган. Унинг тақдирига бефарқ бўлмаганлар бирлашиб, Лондон кўчаларида намойиш уюштиришга чорлашган.

Воқеалар ривожини Terabayt.uz билан бирга кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда интернет-трафик ўғирлаган 20 ёшли «хакер»га ҳукм ўқилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!