AnTuTu'да рекорд янгиланди: Huawei'нинг ошиғи олчи!

AnTuTu'да рекорд янгиланди: Huawei'нинг ошиғи олчи!

Сўнгги йилларда процессор ишлаб чиқарувчилари ўртасида кучли чип яратиш бўйича қизғин баҳс давом этмоқда. Бу саноатда Qualcomm, Huawei, Apple, Samsung ўртасидаги кучли рақобатга гувоҳ бўляпмиз.

Мисол учун, Snapdragon 835 процессори 2016 йилда самарадорликда 211 381 балл тўплаган бўлса, ундан кейин Huawei Mate 10 Pro'га ўрнатилган Kirin 970 процессори ўтган йили 212 835 балл тўплади. Ундан сўнг Snapdragon 845 чипсети шу йилнинг бошларида AnTuTu'да 256 805 балл тўплашга муваффақ бўлган эди.

Huawei Mate 10 смартфонлари ўтган йилнинг октябрида тақдим қилинган бўлса ҳам, қисқа фурсат ўтиб, бугун интернет тармоғида Mate 20 флагмани илк маротаба кўриниш берди ва самарадорлик имкониятларини намойиш қилди.

Агар интернетда тарқалган маълумотларнинг ҳақиқий экани тасдиқланадиган бўлса, Mate 20 флагманида Kirin 980 процессори ўрнатилади. Мазкур чипсет маълумотни етти нанометрли жараёнда қайта ишлайди, яъни жуда илғор. Айни пайтда бундай илғор мобил процессор мавжуд эмас.

Ўқинг: Бир йиллик кафолатли Meizu M6 Note нархлари (2018 йил 10 март)

Чипдаги 4 та ARM Cortex-A75 ҳисоблаш ядроларининг частота тезлиги 2,4 ГГц ва яна 4 та шундай ядроларнинг частота тезлиги 1,8 ГГц бўлади. Такомиллашган нейро-тармоқли модуллар ва илғор график-тасвирни қайта ишлайдиган Mali-G72 MP12 видео картаси ва LTE Category 18 алоқа модеми смартфоннинг тезкор ва ишончли фаолиятини таъминлайди.

Ушбу процессор билан боғлиқ батафсил маълумотлар мавжуд эмас. Huawei компанияси Kirin 980 процессорини яқин ойлардан бошлаб оммавий ишлаб чиқара бошлайди.

Бироқ мобил қурилмаларнинг платформа самарадорлигини баҳолайдиган AnTuTu бенчмаркида ушбу чипсет аллақачон 350 000 баллни тўплашга эришган. Бу -- рекорд натижа!

Mate 20 телефони икки талқинда ишлаб чиқарилади. Кичик талқин 5,9 дюймли ва QHD (2560 × 1440 пиксел) сиғимли, томонлари нисбати 16:9 стандартли бўлган экран билан таъминланади. Mate 20 Pro экрани эса 6 дюймли ҳамда Full HD+ (2160 × 1080 пиксел) сиғимли, томонлари нисбати 18:9 стандартли бўлади.

Корпуснинг орқа қисмида қўш сенсорли бош камера бўлиб, унга 12- ва 20-мегапикселли камера датчиклраи ўрнатилади. Дисплейда эса виртуал тарзда ишлайдиган бармоқ изи сканери жойлаштирилади.

Маълум қилинишича, янги смартфон 6 Гбайт сиғимли тезкор ҳамда 64, 128 ёки 256 Гбайт сиғимли доимий хотира билан таъминланади. Уларнинг шу йилнинг кузида тақдим қилиниши кутилмоқда.

Ўқинг: Xiaomi Mi 7: яширадиган сирнинг ўзи қолмади

Агар Apple бу йилнинг кузида кучли процессорни намойиш қилмайдиган бўлса, 356 918 балл натижаси ўзгармаслиги мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!