AnTuTu: энг қудратли флагманлар рейтингида туб бурилиш! (2020 йил август)

  •   DiMaX
  •  1946
  •  03.09.2020 09:57

AnTuTu: энг қудратли флагманлар рейтингида туб бурилиш! (2020 йил август)

Ўз анъанасига кўра, оммабоп AnTuTu бенчмарки август ойи ҳолатига кўра энг кучли смартфонлар рейтингини чиқарди. Мазкур рўйхат хитойлик фойдаланувчиларнинг ушбу сервисдаги текширувлари натижаларига асосланган.

ЎҚИНГ: Бешта нарх тоифасидаги энг зўр Android-смартфонлар (AnTuTu рейтинглари, 2020 йил июль)

Xiaomi ўзининг ўн йиллигига бағишлаб тақдим этган юбилей суперфлагмани – Mi 10 Ultra (Хитой бозорида – Mi 10 Extreme Commemorative Edition) бу рейтингда 646 730 балл билан ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Vivo компаниясининг ўйинбоп қурилмаларга мослашган iQOO бренди намойиш қилган геймерофон – iQOO 5 эса 637 616 балл билан кумуш медал совриндори бўлди. Кучли учликни Asus компанияси тақдим этган энг зўр ўйинбоп смартфон – ROG Phone 3 модели 629 245 балл билан якунлаб берди.

Мана, хитойлик фойдаланувчилар текширувлари бўйича августнинг энг кучли флагманлари ўнталиги:

Кўриб турганингиздек, топ-ўнталикнинг қолган ўринларини тегишлича Black Shark 3S (620 311 балл), Vivo X50 Pro+ (608 396 балл), Oppo Find X2 Pro (607 276 балл), Oppo Find X2 (600 976 балл), Xiaomi Mi 10 Pro (600 618 балл), iQOO Neo 3 (599 955 балл) ҳамда Redmi K30 Pro (595 738 балл) моделлари эгаллаган.

ЎҚИНГ: Энг кучли флагманлар билан танишамиз! (AnTuTu глобал рейтинги, 2020 йил июль)

Қизиғи шундаки, рейтингдаги илк иккита ўринни олган смартфонлар Snapdragon 865 чипсети базасига қурилган. Qualcomm компанияси 8 июль куни тақдим этган флагман – Snapdragon 865+ процессори ундан зўр бўлса-да, унга таянувчи геймерофон учинчи ўриннигина ола билган.

Умуман, рўйхатда ROG Phone 3’дан бошқа барча моделлар ўша битта – Snapdragon 865 процессори асосида ишлайди. AnTuTu мутахассислари буни шундай изоҳлашмоқда: назарий жиҳатдан олганда Snapdragon 865+ ундан кучлироқ, аммо смартфонсозларнинг ўзлари томонидан амалга оширилувчи оптимизация ишлари чипсетларда аппарат таъминоти даражасидаги ўзгаришлардан кўра муҳимроқдир.

Яна бир муҳим ўзгариш: Oppo компаниясининг Find X2 Pro флагмани март ойидан буён хитойча рейтингларда биринчи ўринни қўлдан бермай келаётган, июнь ва июлда эса глобал миқёсда ҳам лидерликка эришган эди. Ниҳоят, уни тахтдан ағдаришди – бу гал унга атиги олтинчи ўрин теккан!

Дарвоқе, етакчи смартфонсозлардан саналган Samsung ҳамда Huawei компанияларининг бирортаям модели кучлилар рўйхатига кирмаганини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли.

Ўрта нархли энг зўр смартфонлар бўйича AnTuTu рейтинги ҳам эълон қилинган, улар билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

ЎҚИНГ: AnTuTu энг кучли мобил процессорлар рейтингини чиқарди