Antutu: Октябр ҳолатида жаҳоннинг кучли смартфонлари, уларнинг Ўзбекистондаги баҳоси

Antutu: Октябр ҳолатида жаҳоннинг кучли смартфонлари, уларнинг Ўзбекистондаги баҳоси

Мобил гаджетларнинг платформа самарадорлигини ўрганадиган AnTuTu бенчмарки мутахассислари 30 сентябргача бенчмаркда синовдан ўтказилган энг кучли платформага эга смартфонларнинг янги рейтингини эълон қилди. Айтиш керакки. мазкур рейтингни тузиш жараёнида ҳар бир смартфон модели ўртача минг маротаба имтиҳон топширади ва шунга кўра ўртача натижа олинади.

Рейтингга киритилган 10 та "ақлли телефон"дан 7 таси Qualcomm Snapdragon 835 процессорида ишлайди. Қолган 3 та смартфон Apple'нинг айфонлари ҳисобланишади.

Ҳар йилги каби, бу йил сентябрда ҳам янги смартфонлар тақдим қилиниши эвазига рейтингда жиддий ўзгаришлар рўй берди. Apple тақдим қилган янги iPhone флагманлари рейтингнинг юқори ўринларини забт этишди.

Жаҳондаги энг самарали платформага эга смартфон сифатида iPhone 8 Plus 212728 балл билан ўз "тахти"ни эгаллаб турибди. Бу флагман Ўзбекистонда 7 672 500 сўмдан бошлаб сотилмоқда.

Ундан кейинги ўрин 205386 балл олган iPhone 8 смартфонига насиб қилган. Янги айфонларнинг "кенжаси"ни "Малика"дан 6 765 000 сўмдан харид қилиш мумкин. Ҳозирча бу ерда iPhone Х йўқ. Бу флагман сотувга чиқарилса, кейинги ойда шубҳасизки, рейтингдаги энг илғор смартфон бўлади. Боиси, янги айфонларнинг барчаси бир хил процессорга эга бўлишган.

OnePlus 5 181410 балл билан 3-ўринда турибди. Аввалги рейтингда бу смартфон 181 042 балл олган эди. Юртимизда бу гаджетни 510 АҚШ долларидан харид қилиш мумкин.

Рейтингда 4-ўрин 177700 балл тўплаган Nubia Z17 смартфонига насиб қилган. Nubia Z17 2017 йилнинг 1 июн куни расман тақдим қилинган. Nubia Z17 ҳам андроид рақиблари каби, 8 ядроли кучли Snapdragon 835 процессори ҳамда илғор Adreno 540 видеокартаси билан пешқадам ва байроқдор смартфонга айланган. "Малика"да 6 + 64 ГБ талқинига $450 долларга буюртма бериш мумкин.

Жаҳоннинг энг кучли платформага эга смартфони сифатида 5-ўрин HTC U11'га насиб қилган. Бу девайс 175970 балл тўплаган. "Малика"да 750 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Сўнгги флагманлардан бири бўлган Xiaomi Mi Mix 2 эса 171950 балл билан 6-ўринга муносиб кўрилган. Ҳозирча саноқли олиб келинаётган флагман Ўзбекистонда 660 АҚШ долларидан сотилмоқда.

7-ўринда эса унинг "қариндоши" Xiaomi Mi 6 турибди. Бу гаджет 170221 балл йиққан экан. Флагманда X16 LTE мобил алоқа модеми ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида секундига 1 Гбит.гача маълумотни юклаш мумкин. "Малика"да Xiaomi Mi 6 флагмани 3 630 000 сўмдан сотилмоқда.

Samsung Galaxy S8+ бу гал анча пастлаган ва "хитойлик"лардан озгина орқада. У 169879 балл билан 8-ўринда турибди. Бу смартфонни "Малика"да 5 986 000 сўмдан бошлаб харид қилиш мумкин.

9-ўринда турган Sony Xperia XZ Premium 165464 балл тўплаган ва 9-ўринда турибди. Флагманнинг юртимиздаги баҳоси 5 645 000 сўмни ташкил қилади.

Гарчи, 2016 йилда тақдим қилинган бўлса ҳам, iPhone 7 Plus жаҳоннинг энг кучли флагманлари "ўнлиги"дан жой олишга муваффақ бўлган. Бу айфон 163400 балл йиққан. Унинг энг арзони Тошкентда 6 105 000 сўм.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!