AnTuTu рейтингини Snapdragon 888 чипли флагманлар буткул забт этди! (2021 йил март)

  •   DiMaX
  •  781
  •  03.04.2021 11:08

AnTuTu рейтингини Snapdragon 888 чипли флагманлар буткул забт этди! (2021 йил март)

Оммабоп бенчмарк – AnTuTu жамоаси 2021 йилнинг март ойидаги энг кучли флагманлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рейтинг ўтган ойда хитойлик фойдаланувчиларнинг мазкур сервисда ўтказган тестлари натижаларига таянган, глобал рейтинг алоҳида чиқади.

ЎҚИНГ: Android оламида янги рекордчи: бенчмаркда салкам миллион балл!

Мутахассислар бу рўйхатга асос қилиб бенчмаркда камида мингта тест қилиб кўрилган смартфонлардан ҳар бирининг ўртача (энг юқори эмас) натижаларини олишган. Февраль ойидаги энг зўр флагманларнинг хитойча рейтингида ҳам, глобал рейтингида ҳам iQOO 7 геймерофони биринчи ўринда эди. бу гал эса Vivo компаниясининг iQOO бренди тайёрлаган ушбу смартфон атиги еттинчи ўринни олган, холос!

Март ойидаги рейтингда Xiaomi корпорациясининг ўйин қурилмаларига ихтисослашган бренди яқиндагина тақдим этган флагман – Black Shark 4 Pro модели энг зўри бўлиб чиққан.

Кучли учликка яна OPPO компаниясининг Find X3 Pro флагмани ҳамда ZTE корпорациясига қарашли Nubia брендининг Red Magic 6 Pro геймерофони кирган.

ЎҚИНГ: 2021 йилнинг энг зўр бешта смартфони (Consumer Reports талқини)

Хитойлик фойдаланувчиларнинг март ойида AnTuTu бенчмаркидаги текширувлари натижаларига асосланган энг зўр флагманлар ТОП-ўнталиги қуйидагича кўринишга эга:

  1. Black Shark 4 Pro — 765 579 балл
  2. OPPO Find X3 Pro — 742 078 балл
  3. Nubia Red Magic 6 Pro — 741 100 балл
  4. ASUS ROG Phone 5 — 729 300 балл
  5. vivo X60 Pro+ — 726 216 балл
  6. IQOO 7 — 725 478 балл
  7. Redmi K40 Pro — 719 798 балл
  8. Xiaomi Mi 11 — 710 581 балл
  9. Meizu 18 — 710 459 балл
  10. Meizu 18 Pro — 698 611 балл

Февралдаги рейтингга Snapdragon 865+ процессорли флагманлар ҳам кирган бўлса, март ойидаги энг қудратли смартфонлар фақатгина Snapdragon 888 чипсети базасидаги моделлар эгаллаб олган. Яна бир қизиқ ҳолат: янги рўйхатдаги аксарият телефонлар бир хил – 12/256 гигабайтлик тезкор/ички хотирага эга, бироқ улар тўплаган баллар турлича.

Лекин энг ғалати жиҳати шундаки, «оперативка»си энг кучли – нақ 16 гигабайтлик ASUS ROG Phone 5 эса ҳатто кучли учликка ҳам кира олмаган! Афтидан, Huawei компаниясининг операцион тизимлар бўйича директори Лао Ши «Йирик «оперативка»ли смартфон — маркетинг алдовидир!» деганида ҳақ бўлган.

Дарвоқе, хитойлик ушбу техногигантнинг бирорта ҳам смартфони янги рўйхатга кирмаганига эътибор бердингизми?

ЎҚИНГ: Энг равон интерфейсли смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2021 йил март)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!