AnTuTu’нинг янги қироли: «шаршара экранли» илк смартфон салкам 500 минг балл олди! (+нархлари)

  •   DiMaX
  •  2340
  •  17.09.2019 16:03

AnTuTu’нинг янги қироли: «шаршара экранли» илк смартфон салкам 500 минг балл олди! (+нархлари)

Кеча – 16 сентябрь куни «шаршара экранли» илк смартфон – Vivo Nex 3 ҳамда буткул симсиз Vivo TWS қулоқчини тақдим этилди. Компания ушбу тадбирни ўтказиш учун ўта антиқа жой танлаган экан.

ЎҚИНГ: "Жамоа! Бригада! Бизга қўшил!": Xiaomi, Vivo, Oppo ва Realme бирлашишди!

Компания ушбу смартфонини икки хил – 5G-модулга эга ҳамда мазкур чипсиз версияларда тақдим этди. Бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватламайдиган версияси 8/128 гигабайтлик тезкор/ички хотирага эга бўлиб, унга 707 АҚШ доллари (641 евро) миқдорида нарх белгиланган. 5G-версиясининг хотира ҳажми ҳам йирикроқ ва нархи ҳам шунга яраша: 8/256 гигабайтлиги – $810 (€730), 12/256 гигабайтлиги эса – $877 (€800). Янги смартфон учун Vivo аллақачон олдиндан буюртма ола бошлаган, очиқ савдога эса уни 21 сентябрдан чиқаришади.

Vivo NEX 3 техник таъминоти асосини ҳозирда энг кучли процессорлардан бўлмиш Snapdragon 855 Plus ташкил этади. Мазкур модел «шаршара экранли» – Waterfall FullView туридаги POLED-дисплейга эга илк қурилмадир. Корпус олд юзасининг 99,6 фоизини қоплаган, ўлчами диагоналига 6,89 дюймлик экраннинг тасвир аниқлиги эса Full HD+ форматида.

Янги смартфоннинг 4500 мА/соатлик аккумулятори 44 ваттлик технология бўйича тезкор зарядлана олади. Унинг флеш-хотираси UFS 3.0 турига мансуб, смартфон яна NFC модулига, AK4377A русумли Hi-Fi-чипига ва 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқишига эга. Vivo Nex 3 бош камераси 64+16+16 мегапикселлик учта, корпус ичидан чиқувчи олд камераси эса 16 мегапикселлик якка датчикка эга.

ЎҚИНГ: Geekbench’да янги рекорд: Kirin 980 ва Snapdragon 855+ чипли барча флагманлар «дамини олаверсин»!

Бугун – 17 сентябрда эса Vivo NEX 3 5G флагманининг самарадорлигини AnTuTu бенчмаркида текшириб кўришгани ҳақида илк маълумот тарқалди. Бенчмаркда бошланғич конфигурациядаги – 8 гигабайтлик тезкор ва 256 гигабайтлик ички хотирага эга смартфон версияси тест қилиб кўрилган. Шунга қарамай, у мазкур сервисда рекорд ўрнатди – 493 787 балл!

Таққослаш учун келтириб ўтсак: Xiaomi компанияси Black Shark 2 Pro геймерофони тақдимотида, AnTuTu имтиҳонида бу модел 500 000 баллдан ошиқ натижа кўрсатганини даъво қилганди. Лекин амалда мана шу ва яна битта янги флагмани бенчмаркда «қовун туширган»! Шунга қарамасдан, Android-қурилмаларнинг август ойи рейтингида ушбу «Қора акула» барибир 469 708 балл билан етакчиликни қўлга киритган.

Black Shark 2 Pro тезкор хотираси 12 ГБ бўлса-да, «атиги» 8 гигабайтлик «оперативка» билан ҳам Vivo NEX 3 5G уни ортда қолдирди! Ҳали ким билади – унинг 12 гигабайтлик энг илғор версияси қандай мўъжиза кўрсатар экан...

ЎҚИНГ: «Роскачество» рейтинги: 2019 йил куздаги энг зўр смартфонлар

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.