Apple 1 миллиард дона смартфон сотган компанияга айланиш арафасида

Apple 1 миллиард дона смартфон сотган компанияга айланиш арафасида

Apple Inc. – жаҳоннинг етакчи мобиль воситалар ишлаб чиқарувчи корпорацияси 1 миллард дона айфон сотган компанияга айланиш бўсағасида турибди. Компаниянинг илк iPhone мобиль алоқа қурилмалари 2007 йилдан бошлаб ишлаб чиқарила бошланган.

Apple 2007 йилдан бошлаб 2015 йилнинг якунига қадар жами 896 миллион дона смартфонни халқаро гаджетлар бозорига чиқарган ва сотишга муваффақ бўлган. Иқтисодий тадқиқотлар, бизнес ва инвесторлар учун таҳлилий ахборотлар етказувчи жаҳоннинг етакчи компанияси Wall St. Analyst’нинг ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг 20 июлига қадар Apple сотган айфонлар сони 1 миллиард донага етади.

2007 йилдан бошлаб 2015 йилнинг якуний чоракларига қадар смартфон савдоси мунтазам ўсиб борган. Маълумотларга қараганда, компания 2014 йилнинг мартига қадар 500 миллион дона смартфон сотишга эришган.

2015 йилнинг илк 2 чорагида компания 74 миллион ҳамда 61 миллион дона ақлли телефон аппаратини эркин савдога чиқарган. Бу компания тарихида энг кўп смартфон сотилган давр ҳисобланади. Айниқса, iPhone 6S гаджети Apple’га омад олиб келди. Бироқ 2015 йилнинг сўнгги чоракларида савдо суръати пасайиб, ўртача 50 миллион донадан телефон қурилмаси сотилган.

Компания 1 миллиард дона смартфон сотган бренд номига эришиш учун жорий йилнинг июлига қадар яна 10 миллион дона смартфон сотиши керак бўлади. Агар бу натижа қайд этилса, Apple 2007-2016 йиллар давомида сотган 1 миллиард дона смартфоннинг тенг ярмини 2014-2016 йилларда сотган бўлади.

2007 йилдан бошлаб айфоннинг 9 авлоди ва 13 та модели ишлаб чиқилди. Ҳар бир авлодда iOS мобиль операцион тизими такомиллаштирилиб, улар янгича имкониятлар билан тақдим этилган. Компаниянинг мобиль қурилмалари инсонлар ҳаётига мазмун ва мақсад олиб кира олди.

Айфоннинг сўнгги авлоди – iPhone SE смартфони 2016 йилнинг 21 март куни тақдим этилди ва 31 мартдан бошлаб 399 АҚШ доллари миқдорида эркин савдога чиқарилди.

Apple айфондан ташқари яна кўплаб эҳтиёж юқори бўлган электрон қурилмаларни ҳам ишлаб чиқаради. Хусусан, iPad ҳамда iPod девайслари ҳам жаҳонинг энг харидоргир қурилмаларидир. Компаниянинг iPhone, iPod, Mac, Apple TV, Apple watch, iPad қурилма ва хизматларининг фаол фойдаланувчилари сони 2016 йилнинг январь ойида 1 миллиард нафардан ошиб кетган.

Эслатма: Apple Inc. — американинг электрон қурилмалар, персонал компьютер ва планшетлар, аудиоплеерлар, телефон ва дастурий программалар ишлаб чиқарувчи йирик корпорацияси. Унга 1976 йилнинг 1 апрелида америкалик ахборот технологиялари мутахассислари Стив Жобс ва унинг дўстлари Рональд Уэйн ҳамда Стив Возняклар томонидан асос солинган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!