Apple App Store’даги эски ва носоз иловаларни ўчиради

Apple App Store’даги эски ва носоз иловаларни ўчиради

Apple компанияси App Store’даги ишламайдиган ёки айни вақтда ресурс талабларига жавоб бермайдиган иловаларни ўчиришни режалаштирмоқда.

Компаниянинг расмий сайтида берилган хабарга кўра, дўконни тозалаш ишлари 7-сентябрдан бошланади. App Store маъмурияти ресурсдаги барча иловаларни тегишли категориялар бўйича текшириб чиқади.

Муаммо аниқланган иловаларнинг муаллифларига носозликни бартараф этиш мақсадида зарурий тузатишларни киритиш учун 30 кун муддат берилади. Акс ҳолда ушбу муддат ўтгандан кейин илова App Store’дан ўчириб юборилади.

Бироқ ўчирилган илованинг муаллифлари истаган пайт янгиланган илова версиясини яна қайта ресурсга жойлашлари мумкин. Шунингдек, компаниянинг айтишича, илованинг ресурсдан ўчирилиши унинг смартфондаги фаолиятига умуман таъсир кўрсатмайди. Иловани юклаб олган “олма”чилар ундан ҳеч қандай муаммосиз фойдаланишда давом этадилар.

Иловани App Store’дан ўчириб юборилишининг олдини олиш учун Apple дастурчиларга ресурс билан ишлаш бўйича қўлланмани ўрганиб чиқиш ва носозликларни бартараф этиш мақсадида маҳсулотларни мунтазам янгилашни таклиф этмоқда.