Apple Arcade – эксклюзив ўйинларга эга янги сервисни қарши олинг! (+видеолар)

  •   DiMaX
  •  627
  •  26.03.2019 11:59

Apple Arcade – эксклюзив ўйинларга эга янги сервисни қарши олинг! (+видеолар)

25 март куни бўлиб ўтган маросимда купертинолик техногигант ўзининг бир қатор янги маҳсулотларини тақдим этди. Улар орасида янги сервис – Apple Arcade ҳам бор.

ЎҚИНГ: Google Stadia ўйин стриминг сервиси ҳамда Stadia Controller контроллерини қарши олинг! (+видео)

Apple Arcade шундай сервиски, унинг фойдаланувчилари пулли ўйинларни харид қилмасдан, ойлик абонент тўлови эвазига ўйнай олишади. Улар ихтиёрида юздан ортиқ ўйин, шу жумладан, фақат айрим платформалар учунгина жорий этилган эксклюзив ўйинлар ҳам мавжуд. Сервис контенти вақт ўтиши билан янада бойитиб борилади. App Store’да бепул тарқатиладиган ўйинлар ҳамда фримиум-лойиҳалар Apple Arcade’га киритилмаган.

Янги сервис эвазига, фойдаланувчиларда қўшимча танлаш имконияти пайдо бўляпти. Аввал геймерлар шартли бепул ўйинларни юклаб олиб ўйнашлари мумкин эди; уларнинг асосий мақсади эса реклама намойишидан пул ишлаб олиш ва ўйин ичидаги товарлар савдосига имкон қадар кўпроқ пул сарфлашларига эришишдир. Яхши ўйинлар эса нисбатан қиммат туради ва уларни ҳар ким ҳам харид қилавермайди. Apple шуни ҳисобга олиб, янги сервиси ёрдамида геймерларни қўллаб-қувватлашга қарор қилган. Қиммат ўйинларни энди сотиб олмасдан, Apple Arcade’да нисбатан кам тўлов эвазига ўйнаш имкони мавжуд бўлади.

ЎҚИНГ: Етакчи дастурчилар йилнинг энг зўр ўйинлари рейтингини эълон қилишди (+видео)

Қуйида Apple Arcade сервиси ҳақидаги расмий видеороликни кўришингиз мумкин:

Купертинолик гигант Apple Arcade’дан тушадиган даромадини ҳам стриминг сервислари каби тақсимламоқчи: компания ҳар бир ўйиннинг ўйналиш сони ва геймерлар уларга сарфлаган вақтини ҳисоблаб боради; талаб кўпроқ бўлган лойиҳаларга каттароқ маблағ ажратилади. Корпорация ушбу сервисига йирик ўйин студияларини жалб этган, шунингдек, унинг учун мустақил ўзи ўйинлар яратишни ҳам режалаштирган.

ЎҚИНГ: Nintendo дастурчиларни ишга таклиф қиляпти: маош ва шароитлар ҳайратомуз!

Apple Arcade сервисидаги ўйинларни iPhone, iPad, Apple TV ва Mac қурилмаларида ўйнаш мумкин; бунда ўйин жараёнини гаджетлар орасида ўзаро синхронизация қилиш имкони ҳам бўлади. Сервисдаги ўйинларда реклама ва қўшимча харидлар бўлмайди.

Худди шу тадбирда тақдим этилган Apple News+ янгиликлар сервисида бўлгани каби, Apple Arcade’га обунани ҳам қўшимча тўловларсиз ўз оила аъзолари билан баҳам кўриш мумкин бўлади.

Навбатдаги видеога назар соламиз:

Купертиноликлар Apple Arcade сервисини шу йилнинг ёзида 150 та мамлакатда ишга туширади. АҚШ ҳудудидаги фойдаланувчилар учун унга обуна нархи 9,99 долларга тенг, бошқа мамлакатлар учун нарх эса кейинроқ эълон қилинади.

ЎҚИНГ: Оммабоп пулли ўйинлардан бири iOS ва Android учун бепул чиқяпти! (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!