Apple бир неча йил кутилган AirTag трекерини тақдим этди (+видео)

  •   DiMaX
  •  636
  •  21.04.2021 11:37

Apple бир неча йил кутилган AirTag трекерини тақдим этди (+видео)

Купертинолик корпорация AirTag (ёки AirTags) номли гео-брелок чиқариши ҳақида бир неча йиллардан бери хабарлар юрар эди. Ниҳоят, кеча – 20 апрелдаги тадбирида Apple ушбу маҳсулотини расман намойиш қилди.

ЎҚИНГ: Ортга назар: Кутилмаган брендлардан ноодатий телефонлар (2-қисм)

Apple AirTag – доирасимон шаклдаги кичик аксессуар бўлиб, калит, сюмка, рюкзак, ҳамён каби буюмларга, шунингдек уй ҳайвонларига бириктириб қўйилади ва уларни топишга ёрдам беради. Мазкур гаджет Apple Find My иловаси ёрдамида ишлайди.

Брелок корпуси зангламас пўлатдан ишланган ва IP67 стандартига кўра чанг ва сувдан ҳимояланган. Аккумуляторини фойдаланувчининг ўзи алмаштира олиши учун қопқоғи олинадиган қилинган. Дарвоқе, батареясининг қуввати бир йил ишлашга етади.

Буткул симсиз AirPods қулоқчинлари сингари, AirTag’ни ҳам iPhone’га яқинлаштириш билан уланади. Иловада унинг айни дамдаги ёки тармоқда бўлган охирги пайтидаги жойлашувини харитада кўриш мумкин. Агарда йўқолган буюм Bluetooth тўлқини етадиган масофада бўлса – трекер овозли сигнал беради, смартфон экранида эса унга бориш учун қайси томонга неча қадам юриш кераклиги кўринади. Агарда гео-трекер Bluetooth тўлқинидан ташқарида бўлса, у ҳолда Find My сервиси уни улкан тармоқ (тахминан 1 миллиард қурилма) ёрдамида излаб топади. AirTag жойлашуви унинг эгасига фон режимида, аноним ва махфий тарзда етказилади.

Бордию кимдир йўқотилган AirTag’ни топиб олса, унга ўз iPhone смартфони ёки NFC чипли исталган қурилмаси ёрдамида боғланиб, веб-сайтга ўтиши ва эгасининг телефон рақамини (агар ўзи тақдим этган бўлса) кўриши мумкин.

Таъкидлаш керакки, жойлашув ўрни ёки локациялар тарихи ҳақидаги ҳеч қанақа маълумот AirTag’нинг ўзида сақланмайди. Бу маълумотларга фақат аксессуарнинг эгаси кира олади.

AirTag трекери 30 апрелдан сотувга чиқади; унинг бир донаси 29 АҚШ долларига баҳоланган. Шунингдек, хоҳловчилар тўрттасини $99 эвазига ҳам олишлари мумкин. Дарвоқе, унинг рақиби – Samsung Galaxy SmartTag ҳам худди шундай нархда сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Galaxy Unpacked’нинг барча роликлари битта жойда: Galaxy S21, Galaxy Buds Pro ҳамда Galaxy SmartTag билан тўлиқ танишамиз!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.