Apple энди Samsung’дан янада кўпроқ хотира чиплари сотиб олмоқчи

  •   DiMaX
  •  997
  •  08.07.2017 10:25

Apple энди Samsung’дан янада кўпроқ хотира чиплари сотиб олмоқчи

Apple корпорацияси янги iPhone’лар учун Samsung’дан янада кўпроқ хотира микросхемалари сотиб олишга қарор қилди. Чунки SK Hynix ҳамда Toshiba компаниялари америкалик гигантга хотира чиплари бўйича буюртмаларини етказиб бера олмаяпти. Бу хусусда соҳадаги манбаларига таянган ҳолда DigiTimes нашри хабар берган.

Маълумотларга кўра, SK Hynix ва Toshiba корхоналаридаги 3D NAND Flash чипларининг ишлаб чиқарилиш ҳажми буюртмачининг эҳтиёжларини қоплашга етмас экан. Натижада улар, 2017 йилги смартфон моделлари учун микросхемалар бўйича Apple буюртмаларининг 30 фоизгача қисмини етказиб бера олмасликлари аён бўлган.

Етказиб берувчилардаги муаммоларни ўйлаб, Apple энди флеш-хотиралар учун ўзининг асосий рақобатчиси – Samsung’га кўпроқ буюртма беришга қарор қилди. Чунки, Жанубий Корея компанияси 3D NAND Flash чипларининг сифатлилиги ҳамда уларни ишлаб чиқариш миқдоридаги барқарорлиги билан танилган.

Хотира чиплари етишмовчилиги борасида вазият янада мураккаблашиши ҳам мумкин, дея тахмин қилишган DigiTimes манбалари. Зеро, нафақат Apple, балки бир қатор Android-қурилмалар ишлаб чиқарувчилари ҳам катта хотираларга эга янги флагман смартфонларини чиқариш арафасида туришибди. Хотира микросхемаларини ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти ҳозирча керакли ҳажмдаги 3D NAND Flash чипларини ишлаб чиқара олмасликлари сабабли ҳам, дунё миқёсида етишмовчилик кузатилиши эҳтимоли мавжуд.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Samsung, Toshiba ҳамда Micron Technology компаниялари 64 қатламли 3D NAND Flash хотираларини ишлаб чиқаришга ўтишмоқчи. SK Hynix эса биратўла 72 қатламли микросхемалар ишлаб чиқаришга ўтиш ниятида.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!