Apple энг қиммат MacBook Pro’ни атайлаб секинлаштираётгани фош этилди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1104
  •  18.07.2018 18:45

Apple энг қиммат MacBook Pro’ни атайлаб секинлаштираётгани фош этилди! (+видео)

Купертинолик техногигант 1 йилдан 3 йилгача ишлатилган айфонларининг ишлаш самарадорлигини атайлабдан пасайтириб қўйиши аниқлангангани эсингиздадир? Бу мутахассислар томонидан тасдиқлангач, Apple чиндан ҳам шундай қилиб келаётганлигини тан олишга мажбур бўлган.

ЎҚИНГ: Geekbench Apple'нинг мухлисларига нисбатан хиёнатини фош қилди

Аммо бу корпорация нафақат смартфонлари, балки бошқа қурилмаларида ҳам шу каби ҳийлалар қилиб келаётган экан. Жумладан, Дэйв Ли исмли YouTube фойдаланувчиси, Intel Core i9 процессори базасидаги янги MacBook Pro модели максимал самарадорлик режимида узоқ вақт ишламаслигини пайқаб қолган.

Унинг кузатувларига кўра, ноутбук конструкцияси процессор ва видеокартани самарали совитилишига халақит беради. Натижада уларнинг такт частоталари сунъий тарзда пасаяди. Ҳарорати муайян бир даражагача кўтарилгач, қурилма энди оддий самарадорлик режимида ҳам ёмон ишлай бошлайди. Оқибатда у тизим ресурсларини кўпроқ талаб этувчи дастур (масалан, Adobe Premiere видеомуҳаррири) ва ўйинларда ҳам «оғирлашиб» ишлайди.

Дэйв Ли бу борадаги даъвоси ва хулосаларини тасдиқловчи видеони ҳам интернетга жойлаган:

Таъкидлаш ўринлики, 2018 йилги MacBook Pro моделлари компаниянинг энг қиммат ноутбукларидан ҳисобланади. Масалан, унинг 15 дюймлик экранга, 6 ядроли Intel Core i9 процессорига, Radeon Pro 560X видеокартасига, 32 ГБлик тезкор хотира ҳамда 4 терабайтлик SSD-хотирага эга модификациясига АҚШнинг ўзида 6 699 доллар нарх белгиланган. Энди ўзингиз ўйланг: шу қадар қиммат девайснинг атайин секинлаштириб қўйилишини қандай баҳолаш мумкин!?

ЎҚИНГ: Apple аккумуляторлар борасида ўз мижозларини боплаб келаётган экан!