Apple эплай олмаган ишни Xiaomi қойиллатди!

  •   DiMaX
  •  904
  •  12.05.2021 10:06

Apple эплай олмаган ишни Xiaomi қойиллатди!

Жорий йилнинг март ойида Xiaomi компанияси бир вақтнинг ўзида бир нечта гаджетга симсиз усулда қувват берувчи зарядлаш станциясининг анонсини берган эди. Xiaomi Multi-Coil Wireless Charging номли ушбу қурилма кеча – 11 май куни сотувга чиқарилди.

ЎҚИНГ: 200 долларлик бу «ўлмас» смартфонни бир ойда икки мартагина қувватлаш кифоя! (+видео)

Ушбу янги симсиз қувватлаш станцияси бир вақтнинг ўзида учта девайсни қувватлашга имкон берувчи 19 та катушкага эга. Бунда қувват олаётган ҳар бир гаджетга узатилувчи қувват 20 ваттгача бўлади. Бундай конструкцияси эвазига зарядланувчи қурилмани Xiaomi Multi-Coil Wireless Charging қувватлаш майдончасининг исталган жойига қўйиш мумкин.

Ушбу инновацион қувватлагич купертинолик корпорация бир неча йилдан бери тақдим эта олмаётган Apple AirPower қурилмасини эслатади. Apple уни илк бор 2017 йили эълон қилган, кейинроқ австралияликлар уни «сотиб қўйишган» эди. Аммо охир-оқибатда корпорация мазкур маҳсулотини чиқармаслигини расман маълум қилганди. Шундай бўлса-да, баҳорда Apple уни девайсини «қабрдан қайтараётгани» маълум бўлган.

ЎҚИНГ: Apple сир тутаётган инновацион гаджетни «жонли» видеода кўрамиз!

Янги қувватлагич Qi симсиз зарядлаш стандартини қўллайди, шунинг учун унинг ёрдамида симсиз қувватлана олувчи ҳар қандай гаджетни қувватлаш мумкин. Xiaomi Multi-Coil Wireless Charging зарядчигини тақдим этаётиб, хитойлик компания унда Apple iPhone қувватланаётганини ҳам кўрсатган эди.

Xiaomi Multi-Coil Wireless Charging корпусининг ўлчамлари 232,4х100х15,1 миллиметрни ташкил этади, унинг жамланмасига 120 ваттлик қувватлаш блоги ҳам киритилган. Зарядчик токнинг кучайиб кетишидан, қизиб кетишдан, кучланиш ошиб ва пасайиб кетишидан ҳимояланган.

Xiaomi Multi-Coil Wireless Charging маҳаллий бозорда 93 долларга тенг нархда сотилмоқда, GizTop дўкони эса халқаро элтиб бериш хизмати билан уни 129 долларга таклиф этяпти.

ЎҚИНГ: 120 ватт нима бўпти – нақ 200 ваттлик тезкор зарядланувчи смартфон чиқяпти!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!