Apple: фаол қурилмалар сони 1 миллиардга етди

Apple: фаол қурилмалар сони 1 миллиардга етди

Apple томонидан 26 январь куни компаниянинг 2016 йил I чорагига оид иқтисодий кўрсаткичлари ўрин олган маълумотнома эълон қилинди. 2015 йилнинг 26 декабрига қадар бўлган молиявий даврга тегишли маълумотлар жой олган ҳужжатда қайд этилишича, ушбу бренднинг жаҳон миқёсида iPhone, iPad, Mac, iPod touch, Apple TV ва Apple Watch каби фаол қурилмалари сони 1 миллиард донага етган. Жумладан, янги йилнинг илк молиявий чорагида 74,7 миллион дона қурилма сотилган.

Тўғри, Apple 2015  йилнинг худди шу даврида ҳам сотилган iOS қурилмалари сони 1 миллиардга етганини эълон қилган эди. Гап шундаки, сотилган қурилмаларнинг ҳаммасидан ҳам фойдаланилмайди.

Компаниянинг тўртинчи чоракда iPhone, iPad, Mac, iPod touch, Apple TV ва Apple Watch гаджетларидан олган даромади 75,9 млрд АҚШ доллари бўлиб, соф фойда 18,4 миллиардни ташкил этган. Яъни, компания ҳар бир акциясидан 3,28 АҚШ доллари миқдорида фойда кўрган. Бу компания тарихида рекорд натижа ҳисобланади.

Компаниянинг бошқа йўналишдаги маҳсулотлари ва фаолиятидан топган чораклик даромади 4.35 миллиард АҚШ долларига етган ва бир йил олдинги кўрсаткич – 2.7 млрд.дан 62 фоизга ошган.

Оч яшил устунлар - кўрилган фойда. Тўқ яшил устунлар: олинган даромад

Оч яшил устунлар – олинган соф фойда. Тўқ яшил устунлар – даромад.

Apple ўтган йилнинг шу даврида 74,6 млрд АҚШ доллари даромад кўрган бўлиб, унинг 18 миллиарди соф фойда бўлган. Яъни, ҳар бир акция компанияга 3,06 АҚШ доллари фойда келтирган. Бир йил илгари ялпи чораклик фойда 39,9 фоиз бўлган бўлса, бу йил 40,1 фоизга етган. Чораклик даромаднинг 66 фоизини халқаро бозордаги сотувдан тушган пул ташкил қилади.

Биринчи чоракда 27,5 млрд АҚШ доллари миқдорида пул айланмаси ёпилган бўлиб, шундан 9 млрд доллари компания акциядорларига дивиденд маблағлари сифатида тўланади.

Шунингдек, Apple директорлар кенгаши ҳар бир акцияга 0,52 доллар миқдорида дивиденд тўланишини маълум қилган.

“iPhone, Apple Watch и Apple TV каби илғор маҳсулотлар боис жамоамиз Apple тарихидаги энг муваффақиятли чораклик натижага эришди, — дейди Apple корпорацияси раҳбари Тим Кук. — Чорак мобайнида бизнинг бизнес соҳасидаги хизматларимиз жадал ўсди ва бир оз аввал бизнинг фойдаланилаётган базавий қурилмаларимиз сони 1 миллиард донага етди”.

Cмартфонлар савдоси компания маблағ айланмасининг учдан икки қисмини ташкил этишини ҳисобга олсак, Apple’нинг даромадлари iPhone’лар савдосига боғлиқ.

The Wall Street Journal нашрининг маълумотларига кўра, бу каби ривожланиш кўрсаткичи ўтган йили компания йирик диагоналли экранларга эга iPhone смартфонларининг янги авлодини тақдим қилгани туфайли содир бўлган. Аммо бу қурилмаларда сезиларли ўзгаришлар йўқлиги сабабли, у истеъмолчилар орасида аввалгидек иштиёқ уйғотмаслиги мумкин.

Компания раҳбари Тим Кук компания келгусида iPad планшетлари ва бошқа хизматлар, жумладан мусиқага ихтисослашган Apple Music’дан кўпроқ даромад олишини айтган.

Компания 2016 йилда 50-53 млрд доллар фойда олишни режалаштирмоқда. Булардан 6-6.1 млрд АҚШ доллари сарф-харажатларга сарфланади ва 25,5 фоизи солиқ учун тўланади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!