Apple, Google ҳамда Amazon баҳси: кимнинг овозли ёрдамчиси энг ақлли?

  •   DiMaX
  •  563
  •  04.05.2021 17:42

Apple, Google ҳамда Amazon баҳси: кимнинг овозли ёрдамчиси энг ақлли?

Bespoken компанияси мустақил тадқиқот ўтказиб, Apple, Google ҳамда Amazon компаниялари ўз гаджетлари учун чиқарган овозли ёрдамчиларнинг функционаллигини ўзаро таққослаб кўрди. Рақибларнинг кучлари тенг келмади – ғолиб бошқа брендларнинг вакилларидан катта фарқ билан ўзиб кетди.

ЎҚИНГ: Shazam’нинг кераги йўқ: Google Assistant энди хиргойи ва ҳатто ҳуштак бўйича ҳам қўшиқни топиб беради!

Тажриба учун экспертлар инсон нутқига тақлид қилувчи ва овозли ёрдамчиларнинг жавобларини баҳоловчи тест роботидан фойдаланишган. Саволлар икки хил – содда ва мураккаб бўлиб, ақлли ёрдамчиларнинг билимдонлик даражаси ҳам икки хил натижаларда акс эттирилди.

Айрим саволлар рақамли ёрдамчиларни чалғитишга мўлжалланган эди, чунки уларнинг шунчаки жавоби йўқ. Масалан, «Марсга қўнган биринчи инсон ким эди?» сингари.

Тестлар натижаларига кўра, биринчи ўринни Google Assistant олди – у содда саволларнинг 76,57 фоизига ва мураккаб саволларнинг 70,18 фоизига тўғри жавоб берди. Amazon Alexa кўрсаткичлари камтарроқ: содда саволларга у 56,28%, мураккабларига эса 55,05% тўғри жавоб берган. Сунъий онгли овозли ёрдамчилар орасида энг «ақлсиз»и эса Apple Siri бўлиб чиқди – тегишлича 47,29% ва 41,32% кўрсаткич.

Тажриба натижаларини эълон қилишар экан, мутахассислар бир қизиқ фактни ҳам эълон қилишган. Аниқланишича, Siri ҳақидаги саволларга Google Assistant анча яхши жавоблар берган; Apple овозли ёрдамчиси эса бу рақиби тўғрисида кўп нарса билмас экан.

Дарвоқе, 2018 йили Apple овозли ёрдамчиси ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трампни бутун дунёга шарманда қилган эди.

ЎҚИНГ: Бунақаси бўлмаган: «Алиса»га 22 миллион мартадан ошиқ севги изҳор қилишибди!