Apple iMac Pro автомобил нархида сотувга чиқарилди

Apple iMac Pro автомобил нархида сотувга чиқарилди

WWC 2017 кўргазмаси доирасида шу йилнинг июнида тақдим қилинган iMac Pro профессионал компьютери энг сўнгги технологик жиҳатлари билан ўзига хос.

Жумладан, янги iMac Pro’даги 27 дюймли Retina дисплейнинг сиғими 5K. Яъни, экран ўзида 1 миллиард хил ранг-тусни аск эттира олади. Intel’нинг 18 ядроли 7-авлод Intel Xeon процессори девайснинг кучли жиҳатларидан бири. iMac Pro’да 128 гигабайтли тезкор ва 4 терабайтгача бўлган доимий ички хотира, 16 ГБ HBM2 туридаги тезкор мустақил хотирага эга AMD Radeon Pro Vega видеокартаси мавжуд.

Mac компьютерлари тарихида илк маротаба янги iMac Pro Ethernet 10 Гбит/с портига эга бўлди. Яъни, бу порт орқали маълумотларни аввалги компьютерлардан 10 карра тезроқ алмашиш мумкин. Янги персонал компьютер space gray, яъни тўқ кулранг корпусли талқинда ишлаб чиқарилади.

“Энг кучли” Mac компьютерининг энг арзон талқини, яъни 8 ядроли Intel Xeon процессори, Radeon Vega видеокартаси, 32 ГБ тезкор ва 1 ТБ доимий хотирага эга талқини 4999 доллардан бошлаб сотувга чиқди. Бу нархга АҚШ да бирорта яхши автомобил харид қилиш мумкин.

Профессионал компьютер, айниқса турли соҳада фаолият кўрсатувчи дизайнер ижодкорлар, йирик маълумотларни қайта ишловчи мутахассис ва бизнесменлар учун айни муддао. Шунингдек, ундан 3D ва VR лойиҳаларни, таҳлил ва маълумотларни қайта ишлаш, аудио ва видеони юқори сифатда таҳрир қилишда фойдаланиш мумкин. Жумладан, Apple ҳам ўз дизайнерларини айнан шу русумдаги моделлар билан таъминлаб келган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!