Apple iOS 16.3 талқинини тақдим этди

Apple iOS 16.3 талқинини тақдим этди

Янги авлод HomePodлари учун қўллаб-қувватлаш, Apple ID учун хавфсизлик калитлари ва бошқа янгиланишларни тақдим этувчи янги талқин 26 январ куни пайдо бўлди. Янгиланиш iPhone 8 ва ундан янгироқ моделларга тақдим этилди.

16.3 талқини янги қулайликлар, тузатилган хатоликлар, хавфсизлик янгиланишлари билан келади. Ушбу талқин аввалги 16.2 талқиндан деярли бир ой ўтиб пайдо бўлди. Қуйида янгиланишдаги асосий жиҳатларни танишамиз:

Иккинчи авлод HomePodлар учун қўллаб-қувватлаш

Appleнинг янги iOSи 2 авлод HomePodларни қўллаб-қувватлаши кўзда тутилган. Янгиланган HomePodнинг нархи $299 дан бошланади, 3 февралдан сотувга чиқиши режалаштирилган. Компания бу ҳақда iOSнинг янги талқини таништирилишидан 4 кун олдин маълум қилди.

Қора тарих ойи учун қайта ишланган "бирлик" фон расми

Энг сўнгги iOS янгиланиши Apple Black Unity тўпламининг бир қисми сифатида янги iPhone фон расмини ўз ичига олади. Apple шунингдек, Apple TV, Fitness Plus, Мусиқа, Хариталар, Китоблар, Подкастлар ва App Store учун Black History Month контентини тўпламнинг бир қисми сифатида чиқаришни режалаштирмоқда.

Янгиланган iOS фон расми // скриншот

Фавқулодда SOS ҳолатларида сунъий йўлдошга уланишнинг янги усули

Apple сентабр ойида фавқулодда ҳолатларда сунъий йўлдошга уланиш орқали ёрдам сигнали юбориш функциясини таништирган эди. iOSнинг 16.3 талқинидан бошлаб, ушлаб туриб чақириш функцияси ушлаб туриш ва қўйиб юбориб чақиришга алмаштирилди. Агар қўнғироқ чақируви тугмаси ушлаб турилса ва қўйиб юбориб, қувват тугмасини овоз бошқаруви тугмаси билан биргаликда босиб турилса, тескари саноқли ваҳима сигнали ишга тушади. Саноқ тугагандан сўнг тугмалар қўйиб юборилади, iPhone автоматик равишда фавқулодда вазиятлар хизматига автоматик қўнғироқ қилади. Олдинги талқинда қувват ва овоз бошқаруви тугмаларини босиб, чақирувни слайдер орқали тасдиқлаш керак эди. Шундан кейин тескари саноқ бошланиб, чақирув амалга оширилар эди. Шунингдек, шовқинсиз чақирув имконияти ҳам қўшилди. Ушбу функция ёқиб қўйилса, SOS чақируви пайтида ваҳима сигналисиз фавқулодда вазиятлар хизматига чақирув амалга оширилади.

Хавфсизлик калити қўшиш функцияси // скриншот

Энди Apple ID хавфсизлик калитлари билан ҳам ишлайди

Фойдаланувчилар энди икки босқичли тасдиқлаш пароли ўрнига учинчи томон (FIDO МЧЖ) хавфсизлик калитлари орқали Apple IDга кириши мумкин. Хавфсизлик калитлари одатий уй калитлари каби жисмоний қурилма ҳисобланиб, ҳакерлар ва фишинг фирибгарликлари олдини олиш учун қўшимча ҳимоя вазифасини бажаради.

Хатоликлар тузатилиши

  • iOS 16.2да тақдим этилган Freeform иловасида бармоқ ёки Apple Қалам билан чизилган чизгилар улашилганда кўринмаслиги;
  • Қулфланган экрандаги фон расми баъзан қора рангга алмашиб қолиши;
  • iPhone 14 Pro Мах ишга туширишда тез-тез пайдо бўладиган горизонтал чизиқ муаммоси;
  • Home Lock Screen виджетида индикаторлар нотўғри акс эттирилиши;
  • Siri орқали мусиқа бошқаруви ишламай қолиши муаммоси;
  • CarPlay орқали мусиқа ижро этилгандаги Siri билан боғлиқ носозликлар тузатилди.

Муаллиф: Ҳидоятхон Атабаев

ЎҚИНГ: Интернетда сирли Галахй смартфонлари сертификатлари пайдо бўлди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!