Apple'нинг навбатдаги iPhone'лари ён томонларида тактиль сенсорлар билан жиҳозланади

Apple'нинг навбатдаги iPhone'лари ён томонларида тактиль сенсорлар билан жиҳозланади

Apple ўзининг бу йилги iPhone смартфонлари Pro моделларини янгича инновация, динамик орол билан чиқарди. Эҳтимол, компания юқори моделдаги iPhoneъларни янгича технологиялар билан "сийлашда" давом этади.

Таниқли Apple таҳлилчиси Минг Чи Куо берган хабарларга кўра, купертинолик компания ўзининг навбатдаги iPhone 15 Pro ва iPhone 15 Pro Мах (ёхуд Ultra) моделларидан ён томондаги жисмоний тугмаларни олиб ташлайди. Куўнинг таъкидлашича, уларнинг ўрнини iPhone 7/8 & SE2/3 смартонларининг асосий тугмасига ўхшаш дизайндаги қаттиқ ҳолатдаги тугмалар эгаллайди.

"Қурилманинг ўнг ва чап томонларида фойдаланувчилар худди жисмоний тугмачаларни босаётгандек ҳис қилишларига имкон берадиган Taptic Engine'лар бўлади" дейди Куо.

Маълум бўлишича, ушбу дизайн ўзгариши сабаб, iPhone'лардаги Taptic Engine'лар сони ҳозирги биттадан учтагача кўпаяди. Натижада ушбу технология таъминловчилари сезиларли даражада фойда кўришади. Шунингдек, Куoнинг қўшимча қилишича, Apple ушбу технологияли iPhone'ларни тақдим қилганидан кейин, келажакда Android смартфон ишлаб чиқарувчилари ҳам ўзларининг юқори модел флагманларида шунга ўхшаш йўллардан фойдаланишади.

Гарчи миш-мишлар тўғри бўлса ҳам Apple ўз смартфонларида жисмоний тугмалардан воз кечган биринчи компания бўлмайди. LG ўзининг смартфон бўлимини ёпишдан олдин иккита тугмасиз смартфонлар устида ишлаган эди. Улар бекор қилинган LG Rollable ва LG Velvet 2 Pro бўлиб, иккала қурилмада ҳам овоз баландлигини бошқариш ва дисплейни ёқиш ёки ўчириш учун жисмоний тугмалар ўрнига босимга сезгир прокладкалардан фойдаланилган. 2018 йилда ишлаб чиқарилган HTC U12 Plus'да ҳам худди шунга ўхшаш ёндашув қўлланилган, аммо HTC'нинг буни унчалик яхши амалга ошира олмаган ва натижада фойдаланувчилар тугма сезгирлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганликлари ҳақида хабар беришган эди.

ЎҚИНГ: iPhone 15 Ultra'да фойдаланиладиган материал смартфонни янада мустаҳкам, енгил ва қиммат қилади