Apple iPhone 7 ва iPhone 7 Plus ҳақида билиш керак бўлган 11 та факт

Apple iPhone 7 ва iPhone 7 Plus ҳақида билиш керак бўлган 11 та факт

  1. Apple iPhone 7 ва iPhone 7 Plus корпуси IP67 стандарти бўйича сув ва чанг киришидан ҳимояланган. Смартфонлар сувга ва чангга чидамли, аммо улар билан сув ҳавзаларида чўмилиш мумкин эмас. Бу технология аппаратни бехос сувга тушиб кетишидан ва ёмғирдан ҳимоя қилади, холос.
  2. Apple iPhone 7 ва iPhone 7 Plus смартфонларида 3,5 миллиметрли аудио слотдан воз кечилган. Ҳа, бу жуда жиддий қадам. Бироқ наушникларни Lightning коннектори ёрдамида смартфонга улаш мумкин. Мазкур кабель смартфон комплектида бирга тақдим қилинади. Жуда қизиқ, бу сафар Apple бундан қўшимча маблағ ишлашга қарор қилмаган кўринади. Компания анъанавий наушниклар ўрнига симсиз AirPods гарнитураларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда. Аммо уни алоҳида сотиб олиш керак. Кўрамиз, бу нарса смартфонлар сотувига қанчалик таъсир қиларкан. Энди, ҳар ҳолда, оддий наушниклар билан бир вақтнинг ўзида телефонни зарядлаш ва мусиқа тинглаш имконияти йўқ.
  3. Apple iPhone 7 Plus, миш-мишларда айтилганидек, ҳар бири 12 МПли қўш камерага эга бўлган (диафрагма – f/1.8). Хўш, унга нега 2 та камера керак? Apple’нинг айтишича ушбу камералар орқали фото сифатини йўқотмасдан икки карралик оптик зум таъминланади. Бундан ташқари, 10 карралик рақамли зум ҳам аввалги қурилмаларга қараганда яхшироқ бажарилади. Давом этамиз, яна фокус нуқтасини нафақат тасвирга олиш пайтида, балки ундан кейин ҳам ўзгаритириш мумкин бўлади. Албатта, бу нарса саноатда янгилик эмас. HTC ва Huawei ушбу технология ўз гаджетларига аллақачон татбиқ этиб бўлишган, аммо натижа кутилганидай бўлмаган. Кўрамиз, “олма” бу вазифани қай даражада уддалай оларкан.
  4. Apple iPhone 7’да битта камера, бироқ унда кучли оптик стабилизатор қўлланган. Камера матрицаси ҳар иккала гаджетда жуда кўп параметрлар бўйича такомиллаштирилган. Камера аниқлиги – 12 МП. Олд камеранинг имкониятлари ҳам кучайтирилган. Энди у 7 МП ва оптик стабилизаторга эга.
  5. Apple iPhone 7 ва iPhone 7 Plus смартфонларининг экранида катта ўзгариш бўлмаган. Қадрдон HD Retina дисплей сақлаб қолинган. Миш-мишларда айтилган AMOLED технологиясигача ҳали анча борга ўхшайди. iPhone 7 – 4,7 дюйм, iPhone 7 Plus эса 5,5 дюйм катталикдаги экранган эга бўлган. Экранлар 25%га ёрқинлашган ва айни пайтда турли режимларни қўллаб-қувватлайди.
  6. Янги “олма”лар биринчи iPhone’га қараганда 120 марта тезроқ ишлайди. Ҳар иккала смартфон янги A10 Fusion процессори асосида фаолият кўрсатади. Процессор 4 та ядрога эга. Смартфонлар 32, 128 ва 256 ГБ доимий хотирага эга бўлади.
  7. Home тугмаси янги “олма”ларда бироз бошқачароқ ишлайди. Бундан буён тугма механик босиш орқали эмас, балки акс тактик алоқага эга босим кучига жавоб беради. Бу нарса Force Touch технологияси ва Taptic Engine ўтказгичлари ёрдамида амалга оширилган. Энди тугма телефон ҳолати ҳақида қўшимча маълумотларни тақдим этиши ва ўйин вақтида вибрациялар бериши мумкин.
  8. Смартфонларда наушник слоти олиб ташланганлиги боис, корпусга иккинчи динамикни ўрнатишга имкон туғилган. Ҳа, энди динамиклар телефонда иккита. Стереодинамиклар овозни iPhone 6S’га қараганда икки марта тоза ва баланд чиқаришга қодир.
  9. Иккала “олма” iOS 10 операцион тизимида ишлайди. Янги дастурга бошқа қурилмалар 13-сентябрдан янгиланиши мумкин.
  10. Иккала смартфон фақат битта СИМ-карта ишлатади. Кўпчилик “башорат” қилганидай, 2 та СИМ-картали вариантлар чиқарилмаган.
  11. Телефонларда аввалгидай microSD-картага жой берилмаган. Бироқ компания йирикроқ  доимий хотира сиғимига эга вариантларни таклиф этмоқда.
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!