Apple ишқибозлари учун Terabayt.uz’дан эксклюзив!

  •   DiMaX
  •  3511
  •  07.03.2017 15:59

Apple ишқибозлари учун Terabayt.uz’дан эксклюзив!

Сайтимиз ўқувчилари орасида салмоқли қисмини айнан Apple техникалари ихлосмандлари ташкил этади. Шуни инобатга олиб, биз мазкур ишлаб чиқарувчи маҳсулотлари ҳамда дастурий таъминотларининг тавсифлари, хусусиятлари, нархлари борасидаги хабарларни мунтазам тарзда эълон қилиб келмоқдамиз.

Бугун эса шулар орасидан саралаб, балки сиз назардан қочирган бўлишингиз эҳтимоли мавжуд бўлган, қайта ўқишга ҳам арзигулик мақолаларни қисқача мазмуни билан чоп этишга қарор қилдик.

Энг аввало «Олма» ишқибозларини хурсанд қилувчи хабарлар: 2016 йилнинг якунида Boston Consulting номли халқаро консалтинг агентлиги томонидан тузилган рейтингга кўра, ўтган йили «Apple жаҳоннинг энг инновацион компанияси номини сақлаб қолди». Мазкур рейтинг 2004 йилдан бери юритилиб келаётган бўлса, 2005 йилдан буён Apple унда пешқадамликни қўлдан бермаяпти!

Чиндан ҳам, мазкур компания жамоаси ўзларининг «Ўйла!» шиорига амал қилган ҳолда, кўплаб инновацион лойиҳаларни амалга оширишмоқда. Масалан, «Apple хариталарни яхшилаш учун дронлардан фойдаланади».

Шунингдек, World Brand Lab мутахассислари 2016 йил учун жаҳоннинг энг обрўли брендлари рўйхатини тузишди. Бу рейтингда Apple компанияси биринчи ўринда келаётганлигини «Apple дунёнинг энг нуфузли бренди деб топилди» номли хабаримизда тўлиқ ўқишингиз мумкин.

Сизлар учун яна бир хушхабар – «Apple яна жаҳондаги энг пешқадам смартфтон ишлаб чиқарувчи бўлди». Gartner тадқиқот компаниясининг ўрганишлари натижасига кўра, айни пайтда дунёда ишлаб чиқарилаётган смартфонларнинг 17.9%и Apple компанияси ҳиссасига тўғри келар экан. Бунгача смартфон бозорида пешқадам бўлган Samsung’нинг мобиль алоқа воситалари бозоридаги бу галги улуши 17.8%ни ташкил қилган. 2016 йилнинг 4-молиявий чорагида Apple 77 миллион дона iPhone сотган бўлса, Samsung 76.8 миллион дона смартфон сотишга муваффақ бўлган.

Шундай бўлмасаям бўлмасди-да, ахир, ўтган йилнинг учинчи чорагида «Apple даромадининг 90 фоизини смартфонлар сотувидан олди»-ку! Пул эквивалентида компаниянинг даромади 8,2 миллиард долларни ташкил этди.

Кўпчилик мухлисларимизни Apple’нинг дизайн бўлими қандай ишлаши қизиқтирса керак. Бу жараёнга эса қуйидаги видео орқали ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Энди эса Apple маҳсулотларидан фойдаланишнинг айрим жиҳатлари борасидаги маслаҳат ва тавсиялар берилган мақолаларимизга ўтсак. Масалан, сиз «iPhone’даги суратларни компьютерга кўчиришни биласизми?»

Шунингдек, Apple’нинг энг харидоргир смартфонларидан саналмиш «iPhone 6 соҳиблари учун айрим маслаҳатлар» сизга асқотиб қолса керак.

Дарвоқе, ҳаётда турли вазиятлар бўлиб туради, жумладан, телефонингизни бирор жойда унутиб қолдиришингиз, тушириб ёки ҳатто ўғирлатиб қўйишингиз мумкин. Аммо кўп ҳам хавотир олманг – «Ўғирланган смартфонни топса бўлади!». iPhone қурилмаларидаги стандарт Find My iPhone дастури орқали буни амалга ошириш қийин эмас.

Мабодо Apple томонидан ишлаб чиқарилган қурилмаларингиз – «iPhone, iPad ёки iPod touch’ни сотишга тайёрлаймиз», деб қолсангиз – марҳамат, маслаҳатларимиз хизматингизга тайёр. Бунинг учун, дастлаб «iPhone, iPad ёки iPod touch’ни Apple ID’дан ажратамиз». Шунингдек, бу борада «iPhone паролини iCloud орқали ўчириш» ҳам керак бўлиб қолиши мумкин.

Мақоламиз якунида Apple маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорида қандай нархларда таклиф этилаётганига ҳам бир назар солсак. «Малика» савдо марказида Apple планшетлари нархлари, iPhone нархлари ва Apple ақлли соатлари нархлари сайтимизда (тегишли кунлардаги ҳолатига кўра) эълон қилиб келинаётир.

Изоҳ: «Малика» дўконларидан қурилмаларни сайтимизда кўрсатилган нархларда сотиб олишингизга «Terabayt.Uz» сайти кафолат бермайди. Уларни қулай нархларда харид қилиш бўйича маслаҳатларни эса Telegram’даги @ghost_stranger профили орқали бизнинг менежеримиздан олишингиз мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.