Apple келаси йил беш хил янги айфон, сўнг эса «металл совун» ва iPhone SE 2 Plus тақдим этади!

  •   DiMaX
  •  1111
  •  06.12.2019 16:00

Apple келаси йил беш хил янги айфон, сўнг эса «металл совун» ва iPhone SE 2 Plus тақдим этади!

Купертинолик корпорациянинг маҳсулотлари ҳақида тўғри чиқувчи прогнозлари билан танилган таҳлилчи Мин-Чи Куо янги маълумотлар тақдим этди. Унда 2020 ва 2021 йиллари Apple чиқарадиган смартфонларнинг айрим жиҳатлари ошкор этилган.

ЎҚИНГ: Apple бошқа компаниялардан ўрнак ола бошлайди

2020 йили Apple бу йилги iPhone 11, iPhone 11 Pro ва iPhone 11 Pro Max моделларининг давомчиларидан ташқари, яна iPhone SE 2 ихчам смартфонини ҳам чиқариши айтилаётган эди. Мин-Чи Куо эса, келаси йил янги айфонлар жами тўртта эмас, балки бешта бўлади, деяпти. Улардан тўрттаси OLED-дисплейли, ҳамёнбоп iPhone SE 2 экрани эса IPS матрицали бўлади. Дизайнига кўра улар ўткир бурчакли iPhone 4 моделини эслатади.

OLED-экранли айфонлар орасида экран диагонали 5,4 дюймлик ихчам модел ҳам пайдо бўлади. Қолганларидан иккитаси 6,1 дюймлик, биттаси эса 6,7 дюймлик дисплейларга эга. Дастлабки иккита смартфон ўрта нарх тоифасига мансуб – қўшалоқ камерали; 6,1 ҳамда 6,7 дюймлик иккита флагман эса уч модулли камерага ҳамда объектларни уч ўлчамда сканерловчи ToF технологиясига эга бўлади.

Мин-Чи Куо таъкидлашича, OLED-дисплейли тўртта янги айфон ҳам 5G модели билан жиҳозланади.

iPhone SE 2 эса якка модулли камерага ҳамда 4,7 дюймлик IPS-дисплейга эга бўлиб, iPhone 8 модели (сотиб олиш) базасида тайёрланади. Афтидан, унда оригинал iPhone SE смартфонидаги корпус, дисплей ҳамда Touch ID сақланиб қолади, лекин камера яхшиланади ва бу йилги айфонларда қўлланган Apple A13 процессори ишлатилади.

ЎҚИНГ: 2020 йилда Apple тарихдаги энг йирик ва ўта ихчам iPhone’ларни чиқаради

Лекин булар ҳам ҳали ҳаммаси эмас: Мин-Чи Куо купертиноликларнинг икки йил кейинги режалари ҳақида ҳам сўз юритган. Унга кўра, 2021 йилга бориб Apple ўз смартфонларида Lightning порти ва умуман барча тирқишлардан халос бўлмоқчи. Аксарият замонавий смартфонлардаги универсал USB Type-C портига ўтиш ўрнига, компания айфонларни буткул тирқишсиз, сим уланмайдиган қилиб чиқармоқчи! Яъни, бу – 2021 йилдан бошлаб iPhone’лар фақат симсиз қувватланади, компьютерга эса Wi-Fi тармоғи орқалигина уланади, деганидир!

Айтиш керакки, умуман портсиз, тирқишсиз смартфонлар аллақачон тақдим этилган; булар – хитойлик инновацион компанияларнинг Vivo Apex 2019 ҳамда Meizu Zero моделларидир. Булардан биринчисини ушлаб кўрганлар «металл совун»га ўхшатишган эди, икки йилдан сўнг шунақа iPhone ҳам чиқса ажабмас...

2021 йилда яна iPhone SE 2 моделининг янада яхшиланган – «Plus» қўшимчали версияси ҳам тақдим этилади, деяпти Мин-Чи Куо. Унинг экрани ўта юпқа ромли бўлса-да, ҳали Face ID технологияси қўлланмайди. Бунинг ўрнига, бармоқ изи сканерини корпуснинг ён қиррасига кўчиришади; балки уни смартфонни блокдан чиқариш тугмачасига интеграция қилишар.

ЎҚИНГ: Машҳур наркобароннинг акаси энг арзон букламафон тақдим этди ва Apple’ни яксон қилишга сўз берди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.