Apple классик мусиқалар учун алоҳида илова чиқаради

Apple классик мусиқалар учун алоҳида илова чиқаради

2021 йилда Primephonis мусиқий хизматини сотиб олгандан сўнг, Apple ўтган йилнинг охиригача классик жанрдаги мусиқалар билан бойитилган алоҳида иловани чиқаришни мақсад қилган эди. Компания белгиланган муддатдан бироз кеч қолди, лекин янги хизмат деярли тайёр бўлиб қолди – Apple Music Classical тез орада тақдим қилинади.

"Apple Music Classical тўлиқ оптималлаштирилган қидирув билан дунёдаги энг йирик классик мусиқа каталогида исталган аудиони тез ва осон топиш имконини беради. Тингловчилар энг юқори аудио сифатидан баҳраманд бўлишлари, кўплаб классик севимли қўшиқларни иммерсив фазовий аудио тажрибаси билан тинглаган ҳолда ўзларини бутунлай бошқача ҳис этишлари мумкин бўлади", – дейди Apple ўзининг пресс-релизида.

Шунингдек, Apple Music Classical "юзлаб танланган плейлистлар, минглаб эксклюзив албомлар, маълумотларга бой бастакор таржимаи ҳоли, интуитив кўриш функсиялари ва бошқа кўп нарсаларни” таклиф этади. Худди Primephonis сингари, илова пухта ва аниқ классик метадатага эга ва бу билан сиз бастакор, асар, дирижёр ёки ҳатто каталог рақами бўйича классик мусиқаларни қидиришингиз мумкин бўлади.

Маълум бўлишича, Apple Music Classical аудиони 192 kHz/24 битгача йўқотишсиз узатиб бера олади. Таъкидлаш жоизки, илованинг iPad учун мос варианти бўлмайди. Қолаверса, компания илова биринчи марта чиқарилганида у мусиқаларни юклаб олиш хусусиятига эга бўлмаслигини тасдиқлаган.

Apple Music Classical иловасини 28 мартдан App Store орқали юклаб олиш мумкин бўлади. Унинг Android версияси тез орада чиқарилиши кутилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!