Apple махфий равишда автомобиль яратиш устида ишлаяптими?

Apple махфий равишда автомобиль яратиш устида ишлаяптими?

Apple компаниясининг электромобиль яратиш устида тадқиқотлар олиб бораётгани ҳақидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Аниқ маълумотлар кам бўлса-да, турли нашрлар турлича хабарлар тарқатаяпти.

Fox News телеканалининг тахминларига кўра, Apple компаниясининг мухтахассислари АҚШнинг Калифорния штатидаги Саннивейл шаҳридан унча узоқ бўлмаган ўз комплексида биринчи электромобилини ишлаб чиқиш устида махфий фаолият олиб бормоқда.

Мазкур комплекс яқинида истиқомат қилувчи одамларнинг тасдиқлашича, ҳудуд 3,7 метрлик тўсиқлар билан иҳоталаб қўйилган. Бу ердан туну кун эшитилаётган турли механик шовқинлар ва темир-терсаклар овози маҳаллий аҳолининг ҳайратига сабаб бўлаяпти. Уларда темирчилик саноати фаоллашгандек таассурот уйғотмоқда.

Шунингдек, одамлар телеканалга Apple компаниясига тегишли иншоотдаги қўриқлаш тартиби ўзгаргани ва бу жуда шубҳали эканини айтишган. Масалан, кучуклари билан комплекс яқинида сайр қилаётган одамлар Toyota Prius оқ автомобилидаги қоровуллар томонидан диққат билан кузатилмоқда. Бордию кимдир билмасдан юбъектга жуда яқин бориб қолса, пиёда қўриқчилар томонидан дарҳол тўхтатилаяпти.

Apple компанияси  журналистларнинг саволларига ҳозирча ҳеч қандай расмий муносабат билдирмади. Калифорниядаги корпорация ҳам илк автомобиллар устида изланишлар олиб борилаётгани тўғрисида расмий хабар бермаган. Бироқ ОАВ аввалроқ Apple компанияси автомобилсозликни йўлга қўйиш мақсадида Ford ва Mercedes-Benz`дан ўнлаб мутахассисларни жалб қилгани ҳақида ёзганди.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, 2014 йили Apple компанияси бошлиғи Тим Кук BMW компаниясининг Мюнхендаги штаб-квартирасида расмий ташриф билан бўлган. Унинг ёрдамчиси эса автоконцерннинг Лейпциг шаҳридаги заводида BMW i3 электромобилининг ишлаб чиқарилиши жараёни билан яқиндан танишган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!