Apple "майда сотувчи"лар сафида, Xiaomi учун синовли кунлар бошланди

Apple

Huawei Technologies компанияси Хитойда смартфони энг кўп харид қилинаётган биринчи рақамли бренд номини қўлга киритди. Canalys халқаро маркетинг ташкилотининг маълум қилишича, хитойлик етакчи смартфонсозлар орасида Xiaomi энг паст натижани қайд этган.

Huawei’нинг икки смартфон бренди – Huawei ҳамда Honor сўнгги уч ой ичида савдони 27 фоизга оширган, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан смартфон сотишдаги ўсиш 21 фоизни ташкил қилмоқда. Honor бренди жами сотилган смартфонларнинг 55 фоизини ташкил қилади. Компания бу йил жаҳон миқёсида 200 миллион дона смартфон сотишни режа қилган.

Huawei компаниясидан сўнг Хитой бозорида Oppo ҳамда Vivo брендлари пешқадамлик қилмоқда. Уларнинг бозордаги улуши 21 ҳамда 20 фоизни ташкил қилади.

Huawei 28.5 миллион дона смартфон сотишга муваффақ бўлган. Хитойнинг тўртинчи рақамли смартфон ишлаб чиқарувчи компанияси бўлмиш Xiaomi 3 ойда сотилган девайсларнинг 14 фоизига эгалик қилади. Яъни, маҳаллий бозорда ўсиш деярли кузатилмаган.

2018 йилнинг иккинчи чорагида Хитойда жами 100 миллион дона смартфон сотилган. Хитой айни пайтда жаҳоннинг энг йирик смартфон бозори саналади.

Canalys ҳисоботига кўра, Apple’нинг Хитойдаги нуфузи тушиб кетмоқда. Илк маротаба уни "майда смартфон сотувчилар" қаторида кўриш мумкин.

Экспертларнинг фикрича, айни пайтда АҚШ нинг Хитойга иқтисодий санкциялар қўллаш борасидаги режалари хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчилар фаолиятига ҳам катта зарба бериши мумкин.