Apple’нинг янги гаджетлари: нарх, хусусият ва суратлари тақдимотдан бир ҳафта аввал чиқиб кетди

  •   DiMaX
  •  1514
  •  06.09.2018 12:32

Apple’нинг янги гаджетлари: нарх, хусусият ва суратлари тақдимотдан бир ҳафта аввал чиқиб кетди

12 сентябрда Apple корпорцияси йирик тақдимот маросими ўтказмоқчи эканидан хабарингиз бор. Унда компания бир неча русумдаги ноутбук, планшет, смартфон ва смарт-соатини намойиш этиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Эксклюзив видео: iPhone XS’нинг илк реклама ролиги!

Аммо хитойлик инсайдерлар купертиноликларнинг сюрпризини бир пул қилиб, уларнинг янги тақдим қиладиган девайслари ҳақидаги маълумотларни Weibo ижтимоий тармоғига чиқариб юборишди.

Хуллас, Apple’нинг бу йилги смартфонлари иккита премиал iPhone XS ҳамда битта ҳамёнбоп iPhone XC моделларидан иборат бўлади. iPhone XS’лар OLED-экранга эга – биттасининг диагонали 5,8, иккинчисиники эса 6,5 дюймга тенг. Ҳар иккала ўлчамдаги iPhone XS ҳам якка кристалли A12 процессори ва 4 гигабайтлик тезкор хотира билан таъминланади. доимий хотиралари эса 64 ГБ, 256 ГБ ва 512 ГБлик талқинларда бўлиши кутилаётир. Мазкур смартфонларнинг корпуси шишадан, роми пўлатдан ишланган бўлиб, уч хил рангда тақдим этилади. Асосий камералари қўшалоқ, олд камералари Face ID функциясига эга, аммо улар аввал тахмин қилинганидек Apple Pencil стилусини қўллаб-қувватламайди. Бу айфонлар нархлари экран ўлчамига қараб 899 ва 999 АҚШ долларидан бошланади.

Смартфонларнинг кичикроқ – 6,1 дюймлик LCD-экранга эга модели эса iPhone XC деб аталади. Унинг корпуси алюминий ромли бўлиб, беш хилдаги ранг вариантларида таклиф этилади. Асосий камераси оддий – якка модулли, селфи-камерасига Face ID татбиқ этилган. «Электрон юраги» – A12 чипи, у 3 гигабайтлик тезкор хотира билан ҳамкорликда ишлайди. Бу айфон доимий хотираси 64 ГБ ҳамда 256 ГБлик талқинларда тақдим этилиб, 749 доллардан бошланган нархларда сотилади.

Retina-дисплей билан жиҳозланган янги MacBook эса диагоналига 12 ва 13 дюймлик вариантларда тақдим этилади. Экранининг ён ромлари юпқа бўлган ушбу ноутбук бир нечта USB Type-C портлари билан таъминланмоқда. Гаджетнинг ички ўзгаришлари аниқ айтилмасдан, фақатгина «хусусиятларнинг йиллик янгиланиши» тарзида тавсифланган. Нархи 999 доллардан бошланади.

Бу йилги iPad Pro планшети экранининг диагонали 11 ва 12,9 дюймлик талқинларда чиқади, дисплейининг ромлари юпқа бўлади. Улар A12X процессори базасида ишлайди, камерасида фойдаланувчининг юзини таниш учун Face ID функциясига эга. Уларнинг нархлари ўзгаришсиз қолади, яъни – тегишлича 649 ва 749 долларга нархланади.

Ва ниҳоят, Apple Watch Series 4 «ақлли» соатининг экрани аввалги «аждод»идагига нисбатан 15 фоизга катта, ромлари юпқа бўлиб, нархлари ҳозирги моделлар билан бир хил қолади.

Юқоридаги маълумотларнинг ҳақиқатга қанчалик яқин эканини тез орада билиб оламиз, бизни кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: iPhone XS: 2 миллиард йиллик материалдан ясалган корпус

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!