Apple М2 чипи билан янги ноутбукларни тақдим қилди!

Apple М2 чипи билан янги ноутбукларни тақдим қилди!

Дастурий таъминотлар янгиликлари билан бирга Apple ўзининг кечаги WWDC 2022 тадбирида янги қурилмаларни ҳам тақдим қилди. Компания М2 чипсетини кўрсатганидан кейин, шуниси маълум бўлдики, у билан чиқариладиган компютер ҳам бор ва у бутунлай қайта дизайнланган MacBook Air ва янгиланган MacBook Pro ноутбуклари бўлиб чиқди.

Аввало, янги Macbook Air ҳақида гаплашадиган бўлсак, у ўзининг олдингисидан кўра янада ингичка, нафис дизайнда чиқарилган. 13.6 дюймли 500 нитс ёруғликкача чиқа оладиган Liquid Retina дисплейга эга бўлиб, экран юқори марказидаги худди айфонникидек қора тирқиш ичида HD FaceTime камераси жойлаштирилган.


Apple'нинг айтишича ноутбук қуввати 18 соатга етади ва у MagSafe, шу билан биргаликда, қурилмани атиги 30 дақиқда ичида 50 фоизгача зарядлай оладиган 67W USB-C қувватловчи адаптер билан зарядланишни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, у икки USB-C Thunderbolt портларига, 3.5 миллиметрлик аудио уясига ва Touch ID тугмасига эга.

Янги MacBook Air кумуш, космик кулранг, тўқ кўк ва олтин рангларида бўлиб, унинг қалинлиги 11 мм, оғирлиги эса 1.2 килограммни ташкил қилади. Унинг танаси алюминийдан тайёрлаган ингичка танаси ички компонентлар билан шу қадар самарали бирлаштирилганки, ноутбук аввалгиларидан 20% камроқ овоз чиқаради. Ноутбук тўрт карнайли овоз тизими ва учлик микрофонга эга бўлиб, улар клавиатура ва экран орасига интеграциялаштирилган.

Янги М2 чипи билан MacBook Air'да Final Cut Pro билан ишлаш 40 фоизга, Adobe Photoshop'да филтрлар ва эффектларни қўллаш 20 фоизга тезлашган.

MacBook Pro 2022 моделига келадиган бўлсак, у ташқи кўриниши олдингисидан деярли фарқ қилмайди. Асосий ўзгаришлар ноутбук "капоти остида" бўлиб, компютер Apple'нинг янги М2 чипида ишлайди. Маълум бўлишича, 8 ядроли CPU ва 10 ядроли GPU билан янги MacBook Pro ноутбуки RAW суратларни Affinity Photo каби иловаларда очишда, компютерда Baldur’s Gate 3 каби ўйинларни ўйнашда 40% тезроқ ишлайди. Шунингдек, М2 чипи билан ноутбук 24 гигабайтгача оператив хотирани ва бир вақтнинг иккитагача 8К видеони стрим қилишни қўллаб-қувватлайди. Унинг қуввати эса 20 соатгача етиши айтилмоқда.

Иккала ноутбуклар ҳам кейинги ойдан сотувга чиқарилади. Бунда М2 чипи билан MacBook Air ноутбуки Америкада $1,199 нархда, М2 чипи билан MacBook Pro эса Америка $1,299 нархда сотувга чиқарилади.

ЎҚИНГ: iOS 16 расман тақдим қилинди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!