Apple раҳбари билан тушлик аукционда рекорд суммага сотилди

Apple раҳбари билан тушлик аукционда рекорд суммага сотилди

Apple бош директори Тим Кук билан корпорациянинг янги — Apple Park штаб-квартирасида бўлиб ўтадиган тушлик учун шахсини маълум қилмаган кўнгилли $688 000 доллар маблағ тўлади. Бу маблағлар Роберт Кеннеди номидаги инсон ҳуқуқлари марказига ўтказиб берилади.

CharityBuzz хайр-саховат аукционига қўйилган тушлик чиптасининг бошланғич нархи 50 000 долларга баҳоланган. Аукционда иштирок этиш учун 31 нафар киши ариза берган. Уларнинг аксарияти Apple билан ҳамкорлик қилувчи ёки ҳамкорлик қилиш истагидаги компания раҳбарлари бўлишган.

Бунгача ҳам Тим Кук 5 маротаба бундай хайр-саховат тушликларида иштирок этган. 2016 йилда Apple раҳбари билан бир финжон қаҳва устида суҳбат қуриш учун кўнгилли бир киши $515 000 доллар тўлаган. 2015 йилда Тим Кук билан тушлик учун иштирокчи $200 000 доллар тўлаган бўлса, 2014 йилда бу $330 000 долларга тушган. Тим 2013 йилда жаҳон тарихидаги энг қиммат тушлик «муаллиф»ларидан. Ўшанда у билан овқатланиш учун $610 000 доллар тўланган.

Шундай бўлса ҳам, Apple раҳбари бу борада миллиардер Уоррен Баффеттдан орқада. 2012 йилда пуллик тамадди ва қаҳвахўрликлар учун жаноб Баффет нодавлат ташкилотларга $3,46 млн доллар ишлаб берган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.