Apple раҳбарининг янги башорати

Apple раҳбарининг янги башорати

Apple етакчиси, нафақат, уддабурон менежер, балки башоратчилик хусусиятини ҳам сўнгги пайтда намоён этмоқда. Яқинда Тим Кук шахсий компьютерлар даври тугашини каромат қилган эди, бу сафар яна бир муҳим восита келажаги тўғрисида фикр билдирди.

Гап савдо-сотиқ воситаси – пул устида кетмоқда. Талабалар билан учрашув чоғида Тим Кук “Нақд пул нималигини фарзандларингиз билмайди”, дея, бу яқин келажакда амалга ошишини таъкидлади.

У электрон пул тўлалигича нақд пул ўрнини босадиган давр етиб келиши ҳақида сўзламоқда. Пул ўтказиш воситаси бўлган смартфон эса ҳамён олиб юришга эҳтиёж қолдирмайди.

Дарҳақиқат, электрон тўловларни амалга ошириш қулайлашиб боргани сари нақд пул айланмаси камаяётгани кузатилмоқда. Шунга қарамай, умумий миқёсда барибир нақд пул устунлигини сақлаб турибди, масалан, Буюк Британияда 50 фоиздан, Россиянинг катта шаҳарларида 80 фоиздан ортиқ тўловлар нақд пулда амалга оширилади. Электрон пул банк карталари даражасида оммалашиб улгурмади.