Apple собиқ бош дизайнери энди Ferrari’нинг бош директори бўлиши мумкин!

  •   DiMaX
  •  311
  •  14.12.2020 13:19

Apple собиқ бош дизайнери энди Ferrari’нинг бош директори бўлиши мумкин!

Бундан бир неча кун аввал Ferrari компанияси кутилмаганда бош директорсиз қолди. Луис Камиллери (Louis Camilleri) тасодифан «шахсий сабабларга кўра» истеъфо берди, лекин бу борада ҳозирча тафсилотлар маълум қилинмаяпти.

ЎҚИНГ: Японияда довул юзлаб машиналарни (элликта Ferrari ҳам) йўқ қилди

Италиянинг ушбу номдор автоконцернига ҳозир бошқарув раиси Жон Элканн (John Elkann) вақтинча етакчилик қилиб турибди. Мамлакат оммавий ахборот воситаларида Ferrari раҳбари креслосига талабгорлар қаторида Apple корпорациясининг нуфузли лавозимларида ишлаган икки нафар ходимни ҳам кўрсатишмоқда.

Булардан биринчиси купертиноликларнинг амалдаги катта вице-президенти ҳамда бош молиявий директори Лука Маэстри (Luca Maestri) бўлса, иккинчиси  – бир йил аввал Apple’ни тарк этган собиқ бош директор ҳамда бош дизайнер Жони Айв (Jonathan Ive) бўлади.

ЎҚИНГ: Иккинчи марта “етим қолган“ iPhone хронологияси

Ҳақли савол туғилади: мутахассислиги умуман бошқа бўлган кишининг автоконцернга бош директор бўлиши қанчалик мантиққа мос? ОАВ бунга жавобан таъкидлашича, Ferrari’га раҳбарлик қиладиган киши айнан автомобил индустриясида мутахассис бўлиши шарт эмас.

Ёрқин мисол: Камиллери ҳам бу лавозимидан аввал тамаки ва озиқ-овқат соҳаларида ишлаган. Шунга қарамасдан, унинг бошқаруви даврида Ferrari акциялари бир ярим бараварга ўсган, компаниянинг ўзи эса бозордаги энг сердаромадларидан бирига айланган.

Бироқ ҳозир ушбу афсонавий машинасоз ўта муҳим давр – электрокарлар ва гибрид автомобилларга ўтиш арафасида турибди. Шу боисдан ҳам янги раҳбарни танлашда адашмаслик ўта муҳим.

ЎҚИНГ: Энг оммабоп электромобиллар рейтинги: Tesla’га немислар етай деб қолишди!