Apple собиқ муҳандислари iPhone ҳимоясини бузувчи гаджет тақдим этишди!

  •   DiMaX
  •  1449
  •  19.03.2018 13:25

Apple собиқ муҳандислари iPhone ҳимоясини бузувчи гаджет тақдим этишди!

Grayshift компанияси iPhone паролини билмай туриб ҳам унинг қулфини оча биладиган GrayKey номли девайсни тақдим этди. Мазкур қурилмани Apple собиқ муҳандислари ҳамда махсус хизматларда ишлаган киберхавфсизлик мутахассислари ясашган, деб ёзади 9to5mac нашри.

ЎҚИНГ: Ўн яшар бола iPhone X ҳимоясини буза олди!

GrayKey қурилмаси ташқи кўриниши жиҳатидан Apple TV’дан мутлақо фарқ қилмайди – худди шу приставкага ўхшаш кул ранг қутича, ундан iPhone’га улаш учун иккита коннектор чиқиб турибди. Битта айфонни блокдан чиқариш учун унга 2 соатдан 3 кунгача вақт керак бўлиши мумкин; бу iPhone паролининг мураккаблик даражасига боғлиқ.

Лекин қизиғи шундаки, блокдан чиқариш муддати мобайнида iPhone бу қурилмага уланган ҳолда туриши ҳам шарт эмас! GrayKey иш бошида бир неча дақиқа айфонга уланиб турса кифоя, унинг паролини ўз ичида бузиб олгач, охирида маълумотларни қайтариш учун яна бир неча дақиқа iPhone’га уланади.

ЎҚИНГ: Ҳаккерлар танловда Apple, Microsoft ва бошқа таниқли тизимларни бузиб ташлашди

Mac Rumors нашрининг ёзишича, GrayKey оммавий бозор учун ишлаб чиқилган девайс эмас ва уни сотиб олишнинг ҳам шунчаки имкони йўқ. Бунинг ўрнига, Grayshift компанияси iPhone ҳимоясини бузиш бўйича ўз хизматини таклиф этаётир. Улар 15 000 АҚШ доллари эвазига аниқ бир тармоққа уланган айфонни, 30 000 доллар эвазига эса исталган Apple смартфонини блокдан чиқариб беришни ваъда қилишяпти. Афсуски, айфон ҳимоясини бузишнинг дастурий жараёнини сир тутишяпти.

Айтиш керакки, Apple ҳамда махсус хизматлар орасидаги зиддиятлар 2015 йил охирида бошланган эди. Ўшанда, 14 кишининг умрига зомин бўлган террорчининг айфони тизимини очиб бериши учун АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ – ФБР) суд орқали купертинолик гигантга босим ўтказишга уринган эди. Лекин ишлаб чиқарувчи смартфон тизимининг бузиб кирилиши iPhone фойдаланувчилари тўғрисидаги ахборот хавфсизлигига зид эканини айтиб, рад этган.

Гап шундаки, Apple айни дамда энг хавфсиз ҳимояга эга бўлган операцион тизим – iOS нуфузини сақлаган. Агарда суд талаби билан айфонларнинг шу тизимини бузиб кира олишса, рақибларнинг купертинолик гигантдан қўли баланд келгани шу.

ЎҚИНГ: ФҚБ террорчининг iPhone тизимини бузишга қанча сарфлагани айтилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.