Apple тарихидаги «энг кучли» iMac компьютери тақдим қилинди

Apple тарихидаги «энг кучли» iMac компьютери тақдим қилинди

Apple’нинг 5 июнда Калифорнияда ўтказилган тақдимотлари орасида Apple ўз тарихидаги «энг кучли стол компьютери» дея эътироф қилган iMac Pro’нинг намойиши ўзига хос бўлди. Гарчи, суперкомпьютерлар даражасида бўлмаса ҳам, унинг жиҳатлари чиндан таассуротли.

Жумладан, янги iMac Pro’даги 27 дюймли Retina дисплейнинг сиғими 5K. Яъни, экран ўзида 1 миллиард хил ранг-тусни аск эттира олади. Intel’нинг 18 ядроли 7-авлод Intel Xeon процессори девайснинг кучли жиҳатларидан бири. iMac Pro’да 128 гигабайтли тезкор ва 4 терабайтгача бўлган доимий ички хотира, 16 ГБ HBM2 туридаги тезкор мустақил хотирага эга AMD Radeon Pro Vega видеокартаси мавжуд.

Унга 4 та Thunderbolt 3 порти ўрнатилган. Натижада, iMac Pro’га яна 2 та 5K сиғимли экранни уласа ҳам бўлади. Шунингдек, компьютерда 4 та анъанавий USB портлари, 4 та USB-C универсал порти, SD-хотира флешкаси учун бўлмача мавжуд. iMac Pro Bluetooth 4.2 ва Wi-Fi 802.11ac каби симсиз интерфейсларни қўллаб-қувватлайди.

Mac компьютерлари тарихида илк маротаба янги iMac Pro Ethernet 10 Гбит/с портига эга бўлди. Яъни, бу порт орқали маълумотларни аввалги компьютерлардан 10 карра тезроқ алмашиш мумкин. Янги персонал компьютер space gray, яъни тўқ кулранг корпусли талқинда ишлаб чиқарилади.

“Янги iMac биз шу вақтга қадар яратган энг чиройли, энг кучли Mac компьютеридир”, — дейди тақдимотда сўзга чиққан компания вице-президенти Жон Тернус.

Янги компютернинг жорий йилнинг декабридан сотувга чиқиши маълум қилинди. “Энг кучли” Mac компьютерининг энг арзон талқини, яъни 8 ядроли Intel Xeon процессори, Radeon Vega видеокартаси, 32 ГБ тезкор ва 1 ТБ доимий хотирага эга талқини 4999 доллардан бошлаб сотилади.

Бу ким учун?

Профессионал компьютер, айниқса турли соҳада фаолият кўрсатувчи дизайнер ижодкорлар, йирик маълумотларни қайта ишловчи мутахассис ва бизнесменлар учун айни муддао. Шунингдек, ундан 3D ва VR лойиҳаларни, таҳлил ва маълумотларни қайта ишлаш, аудио ва видеони юқори сифатда таҳрир қилишда фойдаланиш мумкин. Жумладан, Apple ҳам ўз дизайнерларини айнан шу русумдаги моделлар билан таъминлаб келган.

Шунингдек, тақдимотда Apple аввалги “ҳаммаси биттада” туркумига кирувчи iMac компьютерларининг янгиланган талқинини ҳам намойиш қилди. Улар “Kaby Lake” архитектурасидаги 7-авлод Intel процессорларига эга бўлишган.

Аввалги авлод экрани билан солиштириб кўрганда, янгиланган iMac экранидаги ёруғлик миқдори 43% га юқори ва 500 кд/м2’га тенг. Девайслардаги тезкор хотира миқдори аввалги йилдагидан 2 баробарга ошган — 21,5 дюймли модел 32 ГБ, 27 дюймли модел 64 гигабайтли тезкор хотира билан таъминланган.

Видеокартанинг ҳам график-тасвирни қайта ишлаш кўникмаси ошди — компьютернинг кичик талқинига Intel Iris Plus 640, 4K экранли 21,5 дюймли моделга AMD Radeon Pro 555 ва 560 ҳамда энг юқори 27 дюймли талқинга Radeon Pro 570, 575 ва 580 график-тасвир тизимлари ўрнатилган. Янги талқиндаги iMac’да 2 та янги Thunderbolt 3/USB Type-C портлари ҳам жорий қилинди.

iMac’нинг энг кичик 21,5 дюймли модели $1099, 4K сиғимли экранга эга 21,5 дюймли модели $1499 ҳамда 5K сиғимли 27 дюймли модели $1799 доллардан кейинги ойдан сотувга чиқади. Уларга 7 июндан бошлаб аввалдан буюртма бериш мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!