Apple тарихий рекордга эришди – у ҳатто араб нефть компаниясидан ҳам қиммат бўлди!

  •   DiMaX
  •  1105
  •  01.08.2020 15:07

Apple тарихий рекордга эришди – у ҳатто араб нефть компаниясидан ҳам қиммат бўлди!

Купертинолик корпорация жорий йилнинг 27 июлида учинчи молиявий чоракни якунлаб, 30 июлда бу ҳақда оммавий ҳисобот берди. Унга кўра, ҳисобот даврида Apple даромади 59,685 миллиард долларга етган ва бу – ўтган йилгига нисбатан 11 фоизга юқори кўрсаткичдир.

ЎҚИНГ: Илон Маск бойлар рейтингида Уоррен Баффетни ортда қолдирди

Ҳисобот эълон қилинганидан сўнг Apple акциялари нархи 10 фоиздан ошиққа қимматлаб, тарихий рекорд кўрсаткичга етди. Уларнинг умумий қиймати 1,82 триллион долларни ташкил этди. Натижада эса iPhone ишлаб чиқарувчиси Saudi Aramco’ни ҳам ортда қолдириб, дунёдаги энг қиммат компанияга айланди.

Кеча биржаларда савдолар ёпилиши пайтида Apple’нинг бир дона акцияси нархи 425,04 долларга тенг эди. Кечаги ўсишнинг ўзи компания капитализациясига 172 миллиард доллар қўшди; шунинг ўзиёқ Oracle’нинг барча акциялари қийматидан юқори. Умуман олганда, йил бошидан буён Apple акциялари тахминан 45 фоизга қимматлашди.

Дарвоқе, юқорида таъкидланган Saudi Aramco – Саудия Арабистонининг миллий компанияси бўлиб, нефть қазиб олиш ҳажми ва захираси бўйича дунёда биринчи ўринда туради. У ўтган йили очиқ биржага чиққан ва ўшандан буён жаҳоннинг энг қиммат компанияси бўлиб келаётир. Кечаги савдоларнинг ёпилиши арафасида унинг бозор капитализацияси Apple’никидан салгина пастроқ – 1,760 триллион долларга тенг бўлган.

ЎҚИНГ: Apple’нинг еттита ёлғонини Павел Дуров фош этди ва ҳар бир фикрини батафсил асослаб берди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!