Apple ва Google смартфонга зарар етказадиган яна бир “ёмон одат”ни маълум қилди

Apple ва Google смартфонга зарар етказадиган яна бир “ёмон одат”ни маълум қилди

Баъзи турдаги смартфонларда улардаги иловаларни автоматик равишда ёпиб қўйса бўлади. Яъни, iPhone дисплейи қуйисида жойлашган бош тугмага икки марта чертиш орқали, Android қурилмаларда эса бу ишни кўп функцияли тугмача ёрдамида амалга ошириш мумкин. Фойдаланилмаётган иловаларни ўчиришни сиз ҳам қурилма фаолиятини “енгиллаштирувчи”, гаджетни “тозаловчи” жараён, деб ўйлайсиз. Энг муҳими, сизнингча, фаол иловаларнинг камлиги аккумулятор ҳаётини узайтириш учун айни муддао. Тўғрими?

Аммо бундай фикрлаш хато экан. Ўтган ҳафтада Apple ҳамда Google компаниялари мутахассислари бу ҳақида ўз муносабатларини билдирдилар.

Android дастурлари инжиниринги билан шуғулланувчи жамоа вице президенти Ҳироши Локҳеймернинг сўзларига кўра, иловалардан фойдаланишни тўхтатишнинг аккумулятор қувватини тежашга ҳеч қандай ёрдами тегмайди. Аксинча, бу одат қурилмани ишдан чиқариши мумкин.

Бу шунчаки ахборот эмас. Бу Android платформасини яратган экспертнинг маслаҳати. Иловаларни ўчириб ташлаш қандай қилиб телефонга таъсир қилиши мумкинлигини тушуниш учун эса, уларда кўп функциялилик режими қандай ишлаши ҳақида билиб олиш керак бўлади.

Мисол учун, iOS операцион тизимида илова ҳар қандай вазиятда 5 хил ҳолатда бўлади. Яъни, илова ҳали ўрнатилмаган бўлиши мумкин. Илова асосий экранда бўлиши мумкин. Илова ёқилган бўлса ҳам, ундан фойдаланилмаётган бўлиши мумкин. Ёки илова кўринмаса ҳам, аслида у ишлаётган бўлиши мумкин. Мисол учун, бу турдаги иловалар электрон почтани ҳар-ҳар замонда янгилаб, янги хабарлар келгани аниқлайди. Илованинг яна бир тури бўлади: у хотирага жойлашиб, кўзга ҳам ташланмайди.

Android ва iOS операцион тизимларида алгоритм хотира бошқаруви асосида ишлайди. Яъни, улар ўчириш зарур бўлган иловаларни, хусусан анча вақтдан буён ишлатилмай келинаётган, кўп жой эгаллаган ёки кўп қувват ейдиган иловаларни автоматик равишда ёпиб қўяди.

Ҳар иккала операцион тизим фойдаланувчи эҳтиёж сезадиган, тез-тез мурожаат қиладиган, сиз янгилашни истайдиган маълумотларга оид статистикани автомат шакллантириб боради.

Смартфон хотирасидаги иловаларни ишга туширганда улар бошидан бошлаб қайта юкланмайди, шу туфайли нисбатан тезроқ ишга тушади. Бу иловаларни ишга тушириш кўпроқ бир муддат ишлатилмагани туфайли “ухлаб қолган” компьютерни сичқонча ёрдамида енгил “уйғотиш”га ўхшаб кетади. Иловани ҳар гал ўчириб, маълум вақтдан кейин яна қайта ишга тушириш эса смартфонни қийнаб қўяди. Бу гўёки компьютерни қайта ўчириб-ёқишга ўхшайди: смартфон ҳаммасини бошидан бошлашига тўғри келади. Натижада бу жараён қурилманинг ички фаолиятини аста-секин ишдан чиқаради ва бора-бора секин ишлашига сабаб бўлади.

Агар қурилма қувватини тежашни истасангиз, бунинг бошқа усуллари ҳам бор. Бунинг учун экран ёруғлигини пасайтиринг, баъзи бир кўринмас иловаларнинг автоматик янгиланиш функциясини ўчиринг, iOS’да “паст қувват режими”ни, Android’да “Doze” тежамкор режимини ёқинг. Шу билан бирга, иловаларнинг манзилни аниқлаш функцияларини ўчириб қўйиш ҳам аккумуляторга катта ёрдам беради. Агар асабий ҳолатда бўлсангиз, тинчланиб олгунингизга қадар смартфонингиз “Airplane Mode” режимида тургани маъқул.

Лекин иловаларни ўчириб қўйишдек гаджетга зарар етказадиган одатдан воз кечинг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!