Apple ва Netflix айнан Ўзбекистонни танлади. Нега Қозоғистонни эмас?

  •   DiMaX
  •  1746
  •  02.03.2021 17:36

Apple ва Netflix айнан Ўзбекистонни танлади. Нега Қозоғистонни эмас?

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дониёр Ашимбаев нима сабабдан дунё брендлари Қозоғистон билан эмас, балки Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни афзал кўраётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг фикрларини Kun.uz нашри эълон қилган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон бозорига Spotify кириб келмоқда

Дунёга машҳур Nike, Adidas, Apple брендлари, шунингдек, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари чакана савдоси бўйича етакчи – Испаниянинг INDITEX компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўймоқчи. Қозоғистонлик сиёсатшунос Дониёр Ашимбаев Ўзбекистонда иқтисодий дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилишининг асосий сабабларини айтиб ўтди.

Ўзбек пахтаси + юқори технология

«Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта етиштирувчи мамлакатлардан биридир. Тошкент яхши муҳандислик базасига, енгил саноат мутахассисларини тайёрлаш соҳасида билимга эга», дейди Ашимбаев.

Меҳнат + интизом + саноат

Ашимбаев арзон ишчи кучи, меҳнатга йўналтирилган менталитет, амалий интизом Ўзбекистонда кучли эканлигини таъкидлаган. Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, Тошкент Туркистон ўлкасининг собиқ маркази Олмаотага қараганда анча ривожланган шаҳар бўлган, аммо бошланғич шартлари тахминан бир хил эди.

«Бизда хомашё етказиб бериш саноати ривожланган пайтда, Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқариш соҳасида тажрибага эга эди», деди у.

Давлат томонидан тартибга солишнинг кучлилиги

Ашимбаев, шунингдек, жуда қаттиқ ва кучли давлат регламентини муҳим деб ҳисоблайди: «Президент Мирзиёев иқтисодиётни либераллаштириш бўйича кўрган чоралари, Ўзбекистон ва Қозоғистонни таққослаганда, Тошкентга катта афзалликларни берди. Шу билан бирга, мобил ишчи кучи, барқарор қонунчилик ва ислоҳотларнинг кетма-кетлиги бизда етишмаётган асосий нарсалардир».

Давлат дастурларини амалга ошириш

«Биз Қозоғистонда давлат дастурларининг қандай самарасиз амалга оширилаётганини кўряпмиз. Ишонинг, буни хорижий инвесторлар ҳам кузатиб бормоқда. Битта дастур тугади, бошқаси изидан қабул қилинмоқда, аммо дастурда нима ишлар қилингани ва қандай натижа бергани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ», дейди қозоғистонлик сиёсатшунос.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатларида инвесторларни энг кўп чўчитадиган нарса – барқарор қонунчилик мавжуд эмаслигидир: «Бизда Солиқ кодексига тузатишлар деярли ҳар ҳафта амалга оширилади. Беш йил ичида Тадбиркорлик кодексига жуда кўплаб ўзгартиришлар киритилди. Қонунчилик доимий равишда ўзгариб туради. Бундан ташқари, хорижий рейтинг агентликлари ҳужжатларида таъкидланганидек, Қозоғистон қонунчилиги тескари йўналишда ўзгаришга мойил».

ЎҚИНГ: IMEI-кодларни энди мобил оператор офисларида ҳам рўйхатдан ўтказиш мумкин!

Сиёсатшунос йирик хорижий инвесторлар Қозоғистонга келмаслигининг учта асосий сабабини айтиб ўтган.

Биринчидан, коррупция, самарасиз режалаштириш, ёмон ижро ва ҳар қандай назоратнинг йўқлиги;

Иккинчидан, лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул вазирликларнинг доимий равишда қайта ташкил этилиши, солиқ қонунчилигидаги муттасил ўзгаришлар;

Учинчидан, принципиал жиҳатдан давлат дастури самарадорлиги устидан қатъий назорат мавжуд эмас. Ҳисоб қўмитаси ҳар йили миллиардлаб қоидабузарликларни қайд этади, аммо хулоса қилинмайди.

«Коррупцияга қарши кураш дастурларига қарамай давлат ўзининг барча тармоқларида чуқур коррупциялашган. Бундай шароитда маълум мақсадга ва режага эришиш имконсиздир», деб ҳисоблайди Дониёр Ашимбаев.

Nike

2020 йилнинг кузида Nike компанияси ва Ўзбекистон ўртасида келишувга эришилгани эълон қилинди. Дунёдаги энг йирик спорт кийимлари ишлаб чиқарувчиси, Американинг Nike, Converse ва Jordan брендларига эгалик қилувчи компания Андижон вилоятидаги SinoInternational корхонасида йилига 3 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Пандемия бўлишига қарамай, 2020 йилда компаниянинг даромадлари рекорд даражага етган. Маълумотларга кўра, 2020 йил август ойидан ноябр ойигача реал сотувлар 8,9 фоизга ўсиб, 11,2 миллиард долларни ташкил этган.

Adidas AG

Европадаги энг йирик спорт моллари ишлаб чиқарадиган, шунингдек, дунёда Nike’дан кейин иккинчи ўринда турувчи компания.

ADIDAS GROUP – Adidas, Reebok ва Runtastic каби брендларига эгалик қилади. Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистон «Ўзчармсаноат» чарм-пойабзал ва мўйначилик корхоналари уюшмаси Германиянинг спорт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи гигант компанияси билан шартнома тузилганини эълон қилди. Ишлаб чиқариш жараёнини SinoInternational корхонасида йўлга қўйиш режалаштирилган.

INDITEX корпорацияси

Испаниянинг INDITEX компанияси Massimo Dutti, Zara, Pull & Bear, Oysho, Bershka, Stradivarius, Uterque, Zara Home каби брендлари билан машҳур ҳисобланади.

96 мамлакатда икки мингдан зиёд дўкони ва 18 миллиард евролик товар айланмасига эга бўлган компания Ўзбекистондаги корхоналар билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирган. Келишувларга «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан икки йиллик музокаралар давомида эришилган. Пандемиядан олдин INDITEX вакиллари Ўзбекистонга амалий ташриф билан келишган.

Ўзбекистон корпорация дўконлари учун тайёр тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беришни режалаштирмоқда.

Apple

Марказий Осиёдаги биринчи Apple Store офиси Тошкентда очилaди. Apple компаниясининг бош офиси Калифорния штатининг Купертино шаҳрида жойлашган. Ўтган йилнинг сентябр ойи охирида Apple бош директори Тим Кук компаниянинг рекорд даромадлари ҳақида эълон қилганди. Дунё бўйлаб пандемия бўлишига қарамай, компания рекорд даражада, яъни 64,7 миллиард долларлик соф даромад олган.

Шунингдек, cўнгги бир ярим йил ичида бир неча йирик корпорациялар Ўзбекистонда расмий равишда солиқ тўловчилар сифатида рўйхатдан ўтди. Буларга Netflix, Google Commerce, Google Ireland, Google Voice, Samsung Electronics, Сleverbridge, Xsolla, Activision Blizzard International каби компанияларни мисол тариқасида келтириш мумкин.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси маълумотига кўра, Nike ва Adidas кроссовкаларини ишлаб чиқарувчи линия 2021 йил 4-чорагида ишга тушиб, 2022 йилнинг 3-чорагида тўлиқ қувватда ишлай бошлайди. Заводда йилига жами 3 миллион жуфт спорт пойабзали ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Бир йилга чексиз Telegram, YouTube, Tas-IX, қўнғироқлар ёки ижтимоий тармоқлар керакми?