Apple ва Xiaomi судлашмоқда: қайси гаджет дизайни ўғирланди?

Apple ва Xiaomi судлашмоқда: қайси гаджет дизайни ўғирланди?

Хитойнинг Xiaomi бренди Apple'га тегишли технологик дизайнни ўғирлашда айбланмоқда. Америкалик ишлаб чиқарувчининг талаб қилишича, айниқса, Mi Pad планшети қуйиб-қуйгандай iPad mini билан бир хил.

2017 йилнинг 5 декабрида Европа Иттифоқи Бош суди Mi Pad номли қурилмани рўйхатга олишни расман ман қилди. Бу тўғрида Reuters хабар бермоқда.

Xiaomi томонидан Mi Pad планшети бир неча йиллар аввал ишлаб чиқарилган ва Хитой ҳудудида сотилаётган эди. 2014 йилда эса хитойлик компания мазкур девайсни Европа бозорларига чиқаришга қарор қилган. Компания шу номли савдо белгисига эгалик ҳуқуқини олиш мақсадида Европа Иттифоқининг Интеллектуал мулк бошқармаси (EUIPO) га мурожаат қилган.

Apple эса бунга жавобан Европа судига "Mi Pad" номига қарши давони берган. Унга кўра "Pad" сўзи тўлиқ Apple'га қарашли. Бир неча йил давом этган терговдан сўнг Европадаги энг катта судлардан бўлган Европа Иттифоқи Бош суди хитойлик компаниянинг Европада "Mi Pad" савдо белгисидан фойдаланишини тақиқлади.

«Xiaomi планшетининг номи олдидан ишлатилинган "М" белгиси юқори даражали визуал ҳамда фонетик ўхшашликни ажратиб туриш учун етарли эмас», — дейилади суд қарорида.

Apple ғалабаси ҳозирча қисман ва тўлиқ эмас. Боиси, гарчи суд Европа ҳудудида "Mi Pad" сўз бирикмасини рўйхатга олишни тақиқлаган бўлса ҳам, ундан фойдаланиш ҳуқуқи ҳозирча Xiaomi'да мавжуд. Хитойлик корпорация бу ном билан алоҳида бренд ҳам очишга ҳақли. Xiaomi хоҳласа бу масалани янада юқори даражада кўриб чиқилишини талаб қилиши мумкин.