Apple Watch қотилликни фош этишга ёрдам берди

Apple Watch қотилликни фош этишга ёрдам берди

Австралияда полиция томонидан Apple Watch'дан қўлга киритилган маълумотлар қотиллик бўйича суд ишида далил сифатида қўлланилмоқда.

Ушбу соат Мирна Нилсон исмли аёл 2016 йили ўлдирилганда унинг қўлида бўлган. Соатдан олинган маълумотларга кўра, Нилсон хоним келини Керолайн Нилсон томонидан ўлдирилгани гумон қилинмоқда. Олдинроқ Керолайн Нилсон қайнонаси уйга бостириб кирган бир гуруҳ эркаклар томонидан калтаклангандан кейин ҳаётдан кўз юмганини даъво қилган эди.

Бироқ Apple Watch'даги маълумотларга кўра, Мирна Нилсон келини кўрсатма берган вақтдан бир неча соат олдин вафот этгани маълум бўлди. Полиция аслида Керолайн Нилсон қайнонаси уйга келишини пойлаб, уйга киргандан сўнг ҳужум қилган, деган тахминни илгари сурмоқда.

Керолайн Нилсон ўз кўрсатмасида қайнонаси номаълум машинадаги бир гуруҳ эркаклар томонидан уйгача таъқиб этиб келинганини айтган. Шундан сўнг уй ташқарисида Мирна Нилсон ва эркаклар ўртасида жанжал кўтарилди, дейилади келиннинг кўрсатмасида. Жанжал 20 дақиқача давом этади ва, оқибатда, Мирна Нилсон уйга қочиб киради. Унинг ортидан қувиб кирган эркаклар ошхонада бўлган келинни боғлаб, оғзига латта тиқиб қўядилар.

Соат 22.00 да оғзига латта тиқилганча кириш эшигидан эмаклаб чиқаётган Керолайн Нилсонни кўриб қолган қўшниси зудлик билан полицияга хабар беради. Керолайн Нилсон етиб келган полицияга қайнонаси бир гуруҳ эркаклар томонидан ваннахонада уриб ўлдирилгани, бу вақтда у боғлаб қўйилган бўлгани ва қотиллар кетиши билан амаллаб, арқонни ечиб ташқарига чиққанини маълум қилади.

Бироқ воқеа пайтида марҳумнинг қўлида бўлган смарт-соатдан олинган маълумотларни ўрганиб чиққан прокурор келиннинг юқоридаги кўрсатмалари ёлғонлигини маълум қилмоқда.

Маълумки, Apple iWatch'лар уни таққан шахснинг қадамлари сони, ҳаракат йўналиши ва юрак уришини текшириб бориш имкониятига эга.

Прокурорга кўра, соат эгасининг қотиллик олдидан шокка тушиши ва ҳушидан кетиши каби барча жараёнларни ёзиб борган.

Соатдаги маълумотлар марҳум 18.38 да ҳужумга учрагани ва 18.45 га қадар жони узилганини кўрсатмоқда, дейилади прокурор ҳисоботида.

Бу марҳум, келини кўрсатма бергандек, 20 дақиқа шокка туширадиган жанжални бошидан кечирмагани, унинг ҳужумга учраши ва жони узилиши ўртасида атиги етти дақиқа вақт ўтганлигини англатади. Акс ҳолда соат юрак уришининг 20 дақиқа давом этган жанжал сабабли тезлашганини ёзиб олган бўлар эди.

Бундан ташқари Керолайн Нилсон соат 22.00 атрофида босқинчилар уйни тарк этган, деб кўрсатма берган эди. Соат эса марҳумнинг жони бу вақтдан камида уч соат олдинроқ узилганлигини кўрсатган.

Ҳозирча Керолайн Нилсон гаров эвазига озод этилган. Суд июнь ойида давом этади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#Apple Watch

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.