Apple Watch Series 4 – дунёдаги илк ромсиз смарт-соат тақдим этилди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  809
  •  13.09.2018 14:01

Apple Watch Series 4 – дунёдаги илк ромсиз смарт-соат тақдим этилди! (+видео)

«Стив Жобс театри»да ўтказилган тадбир давомида Apple корпорацияси ўзининг бир қатор янги гаджетларини намойиш қилди. Улар орасида iPhone Xs ва iPhone Xr смартфонларидан ташқари, купертиноликларнинг тўртинчи авлод «ақлли» соати ҳам бор.

ЎҚИНГ: Экрани катталаштирилган – кейинги авлод Apple Watch’ни томоша қиламиз

Apple Watch Series 4 ўзининг олдинги «аждод»ларидан анча фарқ қилади – унинг экрани девайснинг юзасини тўлалигича қоплаб олган. Ҳар иккала модификациядаги смарт-соатнинг экрани ўртача 35 фоизга катталашган. Шунинг эвазига янада кўркамлашганидан ташқари, улар энди кўпроқ маълумот акс эттира олади. Шундай бўлса-да, олдинги авлод Apple Watch’ларнинг тасмачалари унга ҳам мос келади.

«Олмали» корпорациянинг тўртинчи авлод «ақлли» соати IP68 стандартига кўра сув ва чангдан муҳофаза этилган. Шунинг эвазига Apple Watch Series 4 билан 50 метргача сув остига қўрқмасдан шўнғиса бўлади.

Apple Watch Series 4 моделининг «электрон юраги» – янги S4 процессори бўлиб, у купертиноликларнинг бултурги учинчи авлод смарт-соатидаги S3 чипидан икки карра тезкор. Янги датчик ва сенсорлари шарофати билан, ушбу «ақлли» соат кишининг саломатлигидаги кескин ўзгаришни янада яхшироқ янглайди. Бугина эмас – агар аҳвол чатоқ бўлса, мустақил ҳолда «Тез ёрдам» чақиради ҳам!

ЎҚИНГ: Apple Watch яна бир «қаҳрамонлик» кўрсатди!

Купертиноликларнинг янги авлод смарт-соати эгалари унинг ёрдамида мустақил тарзда ўзларини электрокардиограмма (ЭКГ) текширувидан ўтказишлари мумкин. Ўртача юклама билан ишлаш режимида, ушбу «ақлли» соатнинг автономлик вақти 18 соатни ташкил этади.

Мана, Apple Watch Series 4 «ақлли» соатига бағишлаб тайёрланган расмий видеолавҳани томоша қилинг:

Apple Watch Series 4 учун олдиндан буюртмалар қабул қилиш 14 сентябрдан очилади. Дунёнинг 16 та мамлакатидаги буюртмачиларга харидларни етказиб бериш эса 21 сентябрдан бошланади.

Купертинолик гигант унинг корпуси 40 миллиметрлик, GPS модулли модели учун 399 АҚШ доллари сўраяпти. Уяли алоқа операторларининг тармоқларини қўллаб-қувватлайдиган версияси эса қимматроқ бўлади. Корпуси йирикроқ – 44 миллиметрлик смарт-соат ундан ҳам қимматроқ бўлиши айтилган, аммо нархи ҳозирча аниқ эмас.

Олдинги авлод Apple Watch’лар ва бошқа компанияларнинг айрим «ақлли» соатлари учун эса Ўзбекистоннинг исталган жойидан туриб, Terashop.uz интернет-дўконимизда онлайн буюртма беришингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Қайнонасини ўлдирган келинни Apple Watch фош этди