Apple Watch Series 6 намойиш этилди!

  •   DiMaX
  •  313
  •  16.09.2020 10:13

Apple Watch Series 6 намойиш этилди!

Кутилганидек, кеча – 15 сентябрь куни Apple компанияси онлайн намойишини ўтказди. Биз эса шу давр мобайнида имкон қадар Telegram-каналимизда қисқа маълумотлар бериб бордик.

ЎҚИНГ: Божхоначилар икки мингта «қалбаки Apple AirPods»ни қўлга олиб, ўзлари шарманда бўлишди!

Тақдимотнинг илк қаҳрамони Apple Watch Series 6 смарт-соати бўлди; ундаги асосий янгилик эса қоннинг кислород билан тўйинганлик даражасини атиги 15 сонияда аниқловчи датчикдир. Бундан ташқари, мазкур смартвоч баландликни ўлчашни ҳам ўрганган.

Купертиноликлар олтинчи авлод ақлли соатига Apple A13 чипи базасидаги икки ядроли процессор ўрнатишган. У эса олдинги авлод чипсетидан 20 фоизга тезкорроқ.

Apple Watch Series 6 дисплейи классик шаклини сақлаб қолган, лекин қуёш нури остида 20 фоизга, Always On Display режимида эса 2,5 каррага ёрқинроқ бўлган. Хоҳишга кўра турли циферблатлар, шунингдек, смартфонлардан ўзлаштирилган мемодзилар мавжуд.

Ушбу гаджет янги ранг вариантлари билан бойитилган: алюминий корпус учун кўк ва қизил; пўлат корпус учун эса графит ва тилларанг. Булардан ташқари, соат учун «монобраслет»лар ҳам тақдим этилди; бу – билакка кийдириладиган, чўзилувчан яхлит тасмачалардир.

Яна бир фойдали функция – энди битта смартфонга бир нечта Watch Series боғласа бўлади. Масалан, ўз iPhone’и бўлмаган ота-оналар ва болаларнинг соатларини. Лекин бунинг учун фақат SIM-картани қўлловчи соат бўлиши талаб этилади.

Янги смарт-соатдаги watchOS 7 операцион тизими уйқу мониторингини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, фойдаланувчининг қонида кислород миқдори пасайиб кетса огоҳлантиради.

Apple Watch Series 6 учун аллақачон олдиндан буюртма ола бошлашган, очиқ савдога эса уни 18 сентябрда чиқаришади. Соатнинг нархи 399 АҚШ долларидан бошланади.

Компания янги смарт-соатининг қадоғига қувватлаш адаптерини солмаган, унинг фақат кабели қолган. Хабарингиз борки, компания iPhone 12’лар қадоғидан қувватлаш адаптерини олиб ташламоқчи ва буни ўзи антиқа йўл билан тасдиқлаган. Афтидан, Apple Watch Series 6 жамланмасида ҳам қувватлагич йўқлиги – шунга фойдаланувчиларни тайёрлаш бўляпти.

ЎҚИНГ: iPhone 12 жамланмаси, айниқса нархи сизни хурсанд қилмайди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!