Apple Watch: вақт, мулоқот ва соғлик инновацион назорат доирасида

Apple Watch: вақт, мулоқот ва соғлик инновацион назорат доирасида

Apple Inc.’нинг  2014 йилда илк маротаба тақдим этилган Apple Watch’и фойдаланувчининг жисмоний ҳаракати ҳамда саломатлик кўрсаткичларини iOS  ва Apple’нинг бошқа маҳсулот, хизматлари билан марказлаштириш, вақт ҳамда мулоқотни тезкор бошқариш мумкин бўлган қурилма.  Уни смартфон билан боғлай олиш имконияти гаджетнинг бозордаги муваффақиятини таъминлади.

2015 йилдан бошлаб жаҳон “ақлли қурилмалар” бозорини “забт этган” Apple Watch “ақлли соат” гаджети билак қурилмалари оламида янгича имкониятлар билан кириб келди. Шубҳасизки, у айни кунга қадар жаҳоннинг “ақлли соат”лари орасида энг яхши илова ва интерфейсга эга энг пешқадам гаджет ҳисобланади.

Apple бу турдаги соатларини 4 модел ва 38 хилдаги талқинларда ишлаб чиқармоқда. Натижада, компания логистикада кўплаб муаммо ва чалкашликларга дуч келмоқда. Одамлар ҳам, компания етказиб берувчилари ҳам бу моделларни танлашда, олишда адашиб кетишмоқда.

Қуйида сизга “Sport” туркумига кирувчи талқин ҳақида маълумот берамиз.

Дизайн

Соат дисплейи икки талқинда – 1,32 дюймли  (корпуси 38 мм қалинликда) моделда ҳамда 1,5 дюймли (корпус қалинлиги 42 мм бўлган) версияларда ишлаб чиқарилмоқда.

Соат корпуси тақлинидан келиб чиқиб, алюминий, зангламайдиган пўлат ва унинг Watch Edition талқини 18 каратли олтин металларидан тайёрланган. Соатнинг мулойим ва нафис боғичи силикон хомашёсидан тайёрланган. Боғичнинг модель ва талқиндан келиб чиқиб, чарм, кумуш ва бошқа хомашёлардан тайёрланган турлари ҳам бор.

Apple Watch’ни унинг ўнг биқинидан ўрин олган Digital Crown жажжи шестеренкаси ва унинг остидаги чўзинчоқ тебранма тугмача орқали бошқариш мумкин. Яъни, шестеренкани бураш орқали дисплейдаги тасвирни катталаштириш ёки айлантириш мумкин. Уни босиш орқали бош (Home) менюга қайтиш мумкин. Унинг ёнидаги чўзинчоқ тебранма тугмача ёрдамида эса 12 та танланган абонентларни танлашга, уларга қўнғироқ қилиш, СМС юбориш мумкин.

apple-watch-10

Apple Watch’нинг чап ёнида динамик ва микрофон учун жой ажратилган. Taptic Engine функцияси эса турли огоҳлантиришлардан бохабар қилувчи вибрация учун жавобгар.  Корпуснинг орқа панелида 2 дона контакт қувватлаш магнитлари ҳамда 2 та пульсни автоматик равишда тўхтовсиз ўлчайдиган светодиодлар мавжуд.

Илғор соат IPX7 стандартига эга корпус билан таъминланган. Яъни, бир метр чуқурликкача бўлган сув остида 30 дақиқа “жон сақлай” олади.

Apple Watch комплектида симсиз қувватлаш қурилмаси, USB-кабель, вилка ва қўшимча калтароқ боғич мавжуд.

Платформа

Apple Watch’да Apple S1 номли тизимдан фойдаланилади. У процессор, 512 МБ сиғимли тезкор хотира, NAND чипи ва қўшимча хотира картасидан иборат. 8 ГБ қўшимча хотиранинг 6 гигабайти фойдаланувчи учун ажратилади.

Apple Watch’га 2 ГБ.гача ҳажмдаги мусиқа-аудио, 75 МБ фотосурат ёзиш мумкин. Унинг ёрдамида смартфондаги мусиқаларни ҳам бошқариш мумкин. Ундан ўйин ўйнашда фойдаланиб бўлмайди.

“Ақлли соат” фаолиятини такомиллаштиришда Apple’нинг Appstore ҳамда Siri онлайн-сервисларидан фойдаланиш мумкин.

Дисплей

1,32 дюймли дисплейнинг пиксель сиғими 272×340.   1,5 дюймли талқиннинг дисплейи эса 312×390 пиксель сиғимига эга. Apple Watch’нинг юпқа Retina Amoled дисплейи зангори шиша билан ҳимояланган. Соат дисплейи чертиш даражасини сезувчи Force Touch технологиясига эга. Шунингдек, унинг спорт талқини Ion-X туридаги пишиқ шиша билан қопланган.

Фаолият кўрсатиши

Apple Watch инновацион қурилмасини iPhone 5 ва ундан кейинги айфонлар билан бирга ишлатиш мумкин. Соат модели танлангач, смартфонга 6 белгилан иборат тасдиқлаш кодини киритиш керак бўлади.

Смартфон камераси “ақлли соат” экранига тўғирланса, айфон ва соат Bluetooth ёрдамида тезда “топишиб” оладилар. Агар иккала қурилма ҳам ягона симсий тармоққа уланган бўлса, улардаги маълумотларни ўзаро Wi-Fi технологияси орқали ҳам алмашиш мумкин.

Apple Watch соати watchOS операцион тизимида ишлайди. Унинг интерфейси айфоннинг iOS тизимини эслатади. watchOS тизими учинчи томон ишлаб чиққан иловаларни ҳам қўллаб-қувваталйди.

Apple Watch’ни ёқиш учун унга нигоҳ ташлашнинг ўзи кифоя. Уни кўзингизга ўгиришингиз билан дисплей ишга тушади.

SMS ёзиш учун овозли буйруқдан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, жажжи бўлса ҳам, қулай клавиатурадан, тайёр шаблон-хатлардан фойдаланиш мумкин.

Соат ёрдамида хатларга жавоб қайтариш мумкин эмас. У орқали хатларни ўчириш, “ўқилмаган” ёки “муҳим” даражаларга ажратиш мумкин.

Digital Crown шестеренкасини босиб турилса, Siri виртуал ёрдамчи тизими ишга тушади.

Соатдаги фитнес-трекер (Fitbit аналоги) — пульсни, фойдаланувчининг қадамини, калория истеъмолини қайд қилиб боради.

Кун давомида Apple Watch фойдаланувчининг фаолиятни кузатиб боради ва саломатликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Мисол учун, соатдаги махсус “Ўрнингдан тур”, “Ҳаракат қил”, “Машқ қил” мазмунидаги огоҳлантиришлар мавжуд. Соат сизга кун давомида камида 30 дақиқа жисмоний машқ қилишингиз кераклигини эслатиб боради.

Фойдаланувчи 1 ҳафта давомида қанча калория йўқотгани, фаолияти тарихи ҳақида умумий маълумотни ҳам олиши мумкин.

Қурилмада камера мавжуд эмас, бироқ ундан iPhone’да олиш кўзда тутилган манзарани кузатиш визири сифатида фойдаланиш мумкин. Унда алоҳида GPS тизими ҳам йўқ. Бунда “ақлли соат” смартфоннинг навигацион ресурсларидан фойдаланади.

Яна бир муҳим жиҳати, Apple Watch’да NFC интерфейси (near field communication), яъни яқин масофада алоқа қилиш технологияси бўлиб, у Apple Pay тизими ёрдамида тўловларни контактсиз, яъни масофадан амалга ошириш имконини беради. Соатда гироскоп ва  акселерометр сенсорлари ўрнатилган.

Apple Watch’да браузер қидирув тизими мавжуд эмас.

Қувват манбаи

Apple Watch’да қувватлаш порти мавжуд эмас. Унинг сиғими 205 мА соат бўлган аккумуляторини соатнинг орқа қисмидаги магнитнли фиксаторни индуктив адаптерга бириктириб қувватлаш мумкин. Соатни ҳар куни қувватлаш тавсия қилинади. Уни тўла қувватлаш учун 2 соат керак бўлади. Тўла қувват билан соатдан 18 соат фойдаланиш мумкин. Қувват 10 фоиздан камайса, соатда автоматик равишда “қувватни тежаш” режими ишга тушади. Бу режимда фойдаланувчи яна 72 соат давомида қурилма ёрдамида вақт билан танишиб бориши мумкин.

Нарх-наво

Иқтисодий таҳлиллар сотувга чиқишидан 1 йил ўтиб, дунё миқёсида 34.7 миллион дона шу турдаги “ақлли соат”нинг сотилганини кўрсатмоқда. Гарчи, Apple Watch рақиб брендлардан анча-мунча қиммат бўлса ҳам, савдоси ҳануз бир текис давом этмоқда.

38 мм қалинликдаги корпусга эга Watch Sport талқини $299, 42 мм талқин $349 АҚШ долларидан сотилмоқда. Шунингдек, корпус қалинлиги 38 мм бўлган базавий талқин $549–$1 049, 42 мм талқин эса $599–$1 099 доллардан сотилмоқда. Соатнинг Watch Edition талқини эса $10 000 (38 мм) – $17 000 (42 мм) доллардан сотувга чиқарилган.

Хулоса

Apple чиндан ҳам чиройли интерфейсга эга энг яхши смарт-соатни яратишга муваффақ бўлган. Смартфон қўнғироқлари ва хабарларни, мусиқаларни бошқаришни, саломатликни назорат қилишни айтмаса, соатда жуда қиммат нархга арзийдиган муҳим жиҳатларни топиш қийин. Бу вазифаларни бажара оладиган “ақлли соат”ларни эса баъзи бир Хитой компаниялари 50 доллардан ҳам сотувга чиқаришмоқда.

Қурилма вақт ҳамда мулоқотни қадрлайдиганлар учун айни муддао. Тартиб-интизомни биринчи ўринга қўймайдиган, саломатлигини назорат қилиб боришга эринадиган одамлар учун эса бу инновацион қурилманинг оддий ўйинчоқдан фарқи бўлмаслиги мумкин. Ҳатто, арзонгина тетрес ҳам ундан қизиқроқ ва фойдалироқ бўлиши мумкин.

Apple Watch’ни сотиб олиш учун ўз соғлигидан қайғурадиган ва Apple’нинг ашаддий мухлиси бўлиш керак. Шу билан бирга, унинг юқори нарх-навоси бу қурилмани сотиб олмаслик учун бош тўсиқ бўлиши мумкин.

Хулоса

Apple Watch

8.5балл

Apple Inc.'нинг 2014 йилда илк маротаба тақдим этилган Apple Watch'и фойдаланувчининг жисмоний ҳаракати ҳамда саломатлик кўрсаткичларини iOS ва Apple'нинг бошқа маҳсулот, хизматлари билан марказлаштирган, вақт ҳамда мулоқотни тезкор бошқариш мумкин бўлган қурилма.

Дисплей

Операцион тизим

Функцияларнинг ишлаши

Нарх-наво

Қаердан сотиб олиш мумкин?

www.asaxiy.uz 2 - 7 млн. сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • IOS'га монанд махсус Операцион тизим
  • Дизайн ва интерфейс
  • Қурилмани смартфон билан боғлаш имкони
  • Илова ва функцияларга бойлиги

 Камчилиги

  • Нархнинг жуда юқорилиги
Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!