Apple ходимлари эга бўлган имтиёзлар ҳасадни уйғотади

Apple ходимлари эга бўлган имтиёзлар ҳасадни уйғотади

Ҳеч кимга сир эмаски, улкан IT-компаниялар ходимларини қўллаб-қувватлаш учун турли-туман қизиқарли дастурларни амалга оширадилар. Дастурчи ва мутахассисларни руҳлантириш, уларни олға бошлаш учун бепул тиббий даволанишдан тортиб, текин тушликкача берилади. Натижада, иш самарадорлиги ошиб, ишда экологик мусаффо иқлим юзага келади.

Business Insider нашри бу борада Apple компаниясининг тажрибасини ўрганди. Glassdoor деб ном олган ресурсда халқаро компания ва муассасаларнинг ходимларини руҳлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ҳаракатлари асосида рейтинг тузилади. Apple'нинг ишлари бу сайтда 5 юлдуздан 4,5 юлдузга баҳоланган. Apple бепул спорт зал машғулотларидан бошлаб, таниқли юлдузлар иштирокида шоулар ҳам ташкил қилади.

Чегирмалар

Glassdoor'да ёзилишича, Apple ходимларига ҳар йили iPod мусиқий плеери, компьютер ҳамда iPad планшетини харид қилиш учун 25 фоизлик чегирма берилади. Ҳар уч йилда ходимларга iPad ёки Mac компьютерларидан сотиб олишлари учун 250 ва 500 долларлик чегирма берилади. Бундан ташқари, Apple ходимлари дастурий таъминотларни 50 фоизлик чегирма билан харид қиладилар. Apple нафақат ходимлари учун, балки уларнинг оилалари учун ҳам қайғуради ва у ёки бу маҳсулотларга ҳам шундай чегирмаларни жорий қилган.

Оилани ҳам қадрлашга ўргатади

Гарчи, янги "самовий" корпусда Apple болалар боғчасини қурмаган бўлса ҳам, компания бўлажак оналарга фарзанд кўриш олдидан 4 ҳафталик, шу билан бирга пуллик таътил беради. Фарзанд кўрган оналар эса 14 ҳафта давомида таътил ва шу давр учун маошни тўлиқ олишлари мумкин. Шу билан бирга, оила қурган ходимларга ҳам олти ойлик тўловли таътил ҳам беради. Ҳатто оталар ҳам фарзанд кўргач, таътил олишлари мумкин. Бунинг учун пул ҳам тўланади.

Келажак тўғрисида қайғуриш

Apple ёш ходимларини оилада масъулиятли бўлишга ўргатади. Бу ерда ишлайдиган аксарият 20 ёшли қизлар учун махсус турмуш қуриш ҳамда оналик сирларини ўргатувчи курслар ташкил қилинади. Уларга энг таниқли руҳшунос ва педагоглар жалб қилинади. Компания қизлар ўртасида кеч турмуш қуришнинг олдини олиш бўйича ҳам тарғибот ишларини олиб боради. Қолаверса, компания инсон уруғини келажакка сақлаб қўядиган фирмалар билан ҳам шартнома тузган. Унга кўра кеч турмуш қуриш ёки фарзанд кўриш истагидаги ходимлар соғлом уруғларини ана шу фирмаларда бепул сақлашлари мумкин. Бу хизмат АҚШ да 10 000 доллар туради.

Кўнгилочар машғулотлар

Apple – узоқ ва оғир меҳнат билан банд одамлар ўлкаси, деб ёзади Glassdoor сайти фойдаланувчиларидан бири. Шунинг учун, Apple одамлар учун маданий-кўнгилочар дастурлар ташкил қилади. Айниқса, Стиви Уандер, Дэми Ловато, OneRepublic каби таниқли мусиқачи ва гуруҳлар мунтазам унинг хизматида.

Спорт

Apple'нинг Нью-Йоркда жойлашган офисларидан бирида хизмат қилувчи ходимнинг ёзишича, компания ходимларига спорт билан шуғулланишлари учун 300 доллар турадиган йиллик сертификат беради.

Янгиларнинг ҳам ҳурмати баланд

Компания эндигина ишга кирган ва аввалига руҳан-жисмонан чарчаб қоладиган ходимлар учун ҳам 12 кунлик таътил жорий қилган. Бу кунлар учун ҳам компания пул тўлайди. Вақт ўтиши билан таътил куни кўпайиши ҳам мумкин.

Буларни ўқир экансиз, наздингизда Apple ишлаш учун жаҳондаги энг олийжаноб компания эканига гувоҳ бўласиз. Бироқ, унинг ходими бўлиш ҳам етарлича масъулиятли.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!